Даромадлар декларацияси яқин қариндошларга ҳам қўлланса

02.09.2019 12:09:09

Айни пайтда жамиятда қизғин муҳокамага сабаб бўлаётган масалалардан бири коррупциядир. Яқинда Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашида ҳам шу мавзуда йиғилиш ўтказилди. Унда партиядошларимиз ушбу соҳада нималар қилиш кераклиги. Бу борада партиямиз олдида турган вазифалар ҳақида фикр ва таклифларни билдирдилар. Қуйида уларнинг айримлари билан танишиш мумкин.

Исроил Жўраев, “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси:

— Мамлакатимизда 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури амалга оширилмоқда. Бироқ очиғини айтганда, ҳали қониқарли натижаларга эришилгани йўқ. Назаримда, коррупцияда айбдор деб топилганларга жиноий жавобгарликни кучайтириш керак. Катта жиноятлар қила туриб, енгил жазо олган шахслар бошқаларнинг фикрига салбий таъсир қилиши мумкин.

Жиноятга яраша жазо муқаррарлигига, айниқса, мансабдор шахслар ишониши лозим. Шундагина коррупцияга қўл урадиганлар камайиши аниқ. Бу масалада либералликка ўрин йўқ, деб ҳисоблайман.

Зиёдбек МАҲКАМОВ, партия вилоят Кенгаши ижрочи котиби:

Анчадан бери давлат хизматчиларининг ўз даромадлари ҳақида декларация тақдим этишлари масаласи кун тартибига қўйилмоқда. Мен бунга уларнинг яқин қариндошларини ҳам қўшишни таклиф қилардим. Лекин бу бўйича ҳали аниқ ҳаракатлар дастури йўқ. Қолаверса, “Давлат хизмати” тўғрисида қонунни қабул қилиш ва бу ҳужжатда мансабдор шахсларнинг ваколатлари ва жавобгарлиги акс эттирилиши зарур.

Ёрқиной ҲОЖИМАТОВА, партия вилоят Кенгашининг етакчи мутахассиси:

— Коррупцияга қарши курашни ҳамма ерда олиб бориш керак. Бунинг учун фуқароларимиз етарли даражада ҳуқуқий маданиятга эга бўлиши талаб этилади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, фарзандингиз ёки набирангиз болалар боғчасига қатнайди. 8 март арафасида ота-оналардан бири тарбиячиларга совға бериш кераклигини эслатади. “Сиз ўзингиз совға қиласизми ёки пул йиғишга қўшиласизми?” деб сўраб ҳам қўяди. Бу жараён боланинг кўз ўнгида рўй беради. У ҳаётда шундай бўларкан-да, деган хаёлга боради. Кейинчалик бундай ҳолатлар мактаб ва олий ўқув юртларига кўчиб ўтади. Яъни одатий ҳолатга айланади. Ҳеч ким ўқитувчи ёки тарбиячи, энага ўз меҳнати учун маош олишини, бу ўринда совға сўзи порани англатишини ўйламайди. Шундай қилиб, кичкина муаммо катталашиб бораверади..

Иштирокчилар мазкур таклифлар партиямизнинг янги дастурларида ўз аксини топиши зарурлигини алоҳида таъкидладилар.   

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+