Дастур сайловчиларга маъқул тушмоқда

17.12.2019 12:12:16

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан депутатликка номзодлари кўрсатилган партиядошларимиз Наманган вилоятининг бошқа туманлари қатори Косонсойда ҳам сайловчилар билан учрашувларни қизғин давом эттирмоқдалар. Айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига номзод Аваз Ибрагимовнинг аҳоли билан мулоқотларида сайловолди дастурида олға сурилган ғоя ва мақсадлар кўпчиликка маъқул тушгани қайд этилмоқда. Шу билан бирга фуқаролар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирмоқдалар.

Анорбой Олимов, Косонсой тумани Равот қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси:

– Мен номзод билан учрашувда қатнашиб, унинг сайловолди дастури ҳақида яхши таассурот олдим. Ҳамқишлоқларимнинг аксарияти ҳам унда ҳаётимизнинг бугунги кундаги муҳим муаммолари акс этганлигини изҳор этдилар. Мен журналист сифатида мамлакатимизда матбуотни жиддий қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирлар кўришни таклиф қилган бўлардим. Чунки бугунги кунда газета-журналларнинг таҳририятлари иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолган. Нашрларнинг ададлари пасайган, бу эса ўз навбатида халқимизнинг маънавий даражасини оширишга салбий таъсир этади.

Қўқимбой қишлоғидаги маҳаллалардан бирида эса аҳоли билан мулоқот шундоққина гузарнинг ўзида, норасмий шаклда ўтказилди. Партиямиздан Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига номзодлар – Аваз Ибрагимов ва Исроил Жўраевнинг ишончли вакиллари Нурбек Абдуллаев ҳамда Абдужаббор Нишонов уларнинг таржима ҳоллари ҳақида сўзлаб бердилар. Шундан сўнг номзодлар тўпланганларни ўзларининг сайловолди дастурлари билан таништирдилар. Сайловчиларнинг вакиллари ҳам сўз олиб, маҳаллада тўпланиб қолган муаммолар ҳақида фикр юритдилар. Бу ерда янги иш ўринлари яратиш, ободончилик ишлари кўламини кенгайтириш муҳим вазифа бўлиб турибди. Айнан шу каби масалалар “Адолат” СДП сайловолди дастуридан жой олганлиги аҳолига маъқул тушди.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,  

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+