Дастурда аёллар манфаатлари мужассам

10.03.2020 17:03:02

Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг қабул қилиниши халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини яна бир карра оширди, десак муболаға бўлмайди.

Давлат дастурида кўтарилган барча устувор масалалар юртимиз равнақи ва халқимизнинг фаровонлигига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

2019 йилда мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан илгари сурилган халқ манфаатларини ифодалайдиган муҳим ғояларнинг аксарияти давлат дастурида ўз аксини топди.

Жумладан, “Адолат” СДП ўзининг сайловолди дастурида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшаб, ишлаб, кўп йиллар давомида “прописка”дан ўтолмай, қийинчилиларга дуч келаётганликлари, бу эса фуқароларимиз учун кўпгина муаммоларни келтириб чиқараётганлигини  аҳоли билан бўлиб ўтган сайловолди тарғибот жараёнларида кўрган эдик ва улар томонидан билдирилган мурожаатларнинг аксариятини айнан  шу масала ташкил этган эди.

Партиямиз ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида “прописка” муаммосини бартараф этиш масаласини сиёсий куч сифатида сиёсий дебатларда кўп бора кўтариб, у жамиятимизнинг муаммоли нуқтаси эканлигини илгари сурди. Фуқароларимизга Ўзбекистон ҳудудида эркин истиқомат қилиш ҳуқуқини берилиши таклифини билдириб, “прописка”дан ўтиш тизимини фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич яратиш лозимлигини илгари сурди.

Кечагина Президентимиз томонидан қабул қилинган Давлат дастурида 1 апрелдан бошлаб фуқароларимиз учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан уй-жой сотиб олишларига қўйилган тақиқ бекор қилинганлиги, бу эса сайловларда ўз сайловчиларимизга берган ваъдаларимиз ҳукуматимиз томонидан эътиборга олинганлигини кўришимиз мумкин. Бу ҳам партиямиз илгари сурган “Адолат” ҳар бир инсон учун шиорига ҳамоҳанглиги билан ҳам қимматлидир.

Дастурда яна бир муҳим йўналишга диққат қаратилган бўлиб, бу аёлларга  қаратилган эътибордир.  Дастурда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида “Маҳалла гузарларида касбга ўқитиш дастури”ни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиб, чекка худудларда ҳам ёлғиз ва кўп болали аёлларни касбга ўргатиш курслари ташкил этиш вазифаси белгиланган. Дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга ва оилалар тинчлиги ва фаровонлигига эришиш мумкин. Аёл қачон ўзини бахтли ҳис этади? Қачонки, у оиласига ўз меҳнати орқали оз бўлсада кўмак бера олса, фарзандлари илм олиш жараёнида унга савол берганда у фарзанди кутган жавобни бера олгандагина бахтли ҳис этади.

Аёл фарзандни тарбиялайди. Келажагимизни тарбияловчи инсон қандай бўлиши керак? Албатта билимли, тадбиркор, фикри ва дунёқараши кенг, сабр-тоқатли ва матонатли. Бу ўзбек аёлларига хос хислатдир. Аммо уларга озгина меҳр, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилса, у кўпгина буюк ишларга қодир эканлигини намоён эта олади.

Бир сўз билан айтганда, Давлат дастурида аёлларга қаратилаётган эътибор, бу келажагимизга берилаётган баҳо дейишимиз мумкин.   

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, айтишимиз мумкинки, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида амалга оширилиши белгиланган барча вазифалар халқчилиги билан аҳамиятлидир.

Энди сиз ва бизнинг олдимизда турган муҳим вазифа эса Давлат дастурида белгилаб берилган вазифаларни виждонан бажаришга бирлашимиздадир. Барчамиз жипслашиб фаолият олиб борсак, натижалар самарадорлигига тўлақонли эриша оламиз.

Гулнисо САИДОВА,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати сектор мудири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+