Дастурда меҳнат муносабатлари тўлиқ ифодаланганми?

07.09.2019 15:09:47

Партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан Миллий матбуот марказида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сиёсий ва Сайловолди дастурлари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда сўзга чиққанлар дастур юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Хусусан, иштирокчи Фурқат Қурбонов дастурда белгиланган ижтимоий меҳнат муносабатлари  ҳақида тўхталиб ўтди.

-Ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, мулкчилик шаклидан қатъий назар, корхоналарда ишчиларнинг меҳнат шароитларини яхшилашга эътибор қаратилган, - дейди у – Аммо, кўплаб соҳаларда иш вақти ва минимал иш соатларига амал қилинмаяпти. Биламизки, бир кунлик иш вақти 7-8 соат  бўлиб, ҳафтасига 40 соат қилиб белгиланган. Республикамиз бўйлаб корхона, ташкилотларда иш соат  9:00 да бошланадию, бироқ куннинг иккинчи ярмида неччида тугайди? Бунга эътибор ҳам қилмаймиз. Меҳнат шартномасида белгиланган вақтдан ошиқча ишлашга бугун барчамиз кўникиб қолганмиз. Ўзимизни овунтириш мақсадида “бугун иш кўпайиб кетди-да”, деб қўямиз гоҳида. Ваҳоланки, сурункали давом этадиган бу ҳолат ходимнинг соғлигига, иш самарасига таъсир қилмайдими?

Меҳнат жараёнидаги бир қатор муаммоларни ўртага ташлаган иштирокчи меҳнат муносабатлари юзасидан ўзининг таклифларини билдириб ўтди. Унга кўра, ҳар бир корхона, ташкилотлар ходимларни меҳнат шартномасида кўрсатилган вақт меъёрлари бўйича иш соатларида ишлаш лозимлигини айтиб ўтди. Агар ушбу қоидага амал қилинса, иш унумдорлигининг ошишига, ишчи ва иш берувчи ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган ҳамда оилавий низоларнинг олдини олишга эришишимиз мумкин. Шу билан бирга, ишловчи ходим фидойиликни суистеъмол қилмаслиги ҳам керак. Қачонки, меҳнат тақсимоти ва иш соатининг меъёрга солинишини йўлга қўя олсак,  барча жабҳаларни юқори натижаларга кўтара оламиз.

Моҳимбегим ТЕШАБОЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

туманлараро ижрочи котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+