Дастурнинг жозибаси - устувор вазифаларда

10.03.2020 11:03:35

Куни кеча Президентимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Фармони қабул қилинди.

Фармонда Олий Мажлис палаталари, қатор вазирлик ва идоралар билан биргаликда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши, шу жумладан, парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни ишлаб чиқиш бўйича “йўл харита”си, аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш концепцияси каби қатор муҳим ҳужжатларни, дастурларни қабул қилинишини таъминлаш борасида аниқ вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Дастур мамлакатимизни 2020 йилдаги тараққиётини белгилаши, тараққиётни жадаллаштиришга йўналтирилганлиги билан ўта муҳимдир.  Мазкур дастурда парламент текшируви жорий этилиши белгилаб қўйилди. Ушбу жараёнда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳудудларда қонун ва қарорларнинг ижросини текшира олиши мумкин. Демак, 2020 йилда мукаммал ижро механизми яратилади. Бу ҳам яъни, парламент текширувини ўтказиш қонунларимизни халқчиллигини, ижросини мукаммал таъминлашда парламентнинг ролини кучайтиришга хизмат қилади. Мазкур дастурнинг қабул қилиниши, энг аввало, бу ёшларимизга, ёшларнинг тагаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бўлиб, катта имкониятларни яратиб беради.

Биринчи навбатда бу ёшларимизни, айниқса ҳудудлардаги фаолият юритадиган иқтидорли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда инновацион ёшлар технопаркларининг барпо этилиши ва энг аввало, барча ёшларни ўзларининг ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишида имконият эшикларини очади.

Бундан ташқари, талабалик давридаёқ катта малакага эга бўлган иқтидорли ёшларимиз мавжуд ва айнан шу иқтидорли ёшларимизни давлат дастурини амалга оширишда, яъни давлат хизматини ривожлантиришда унумли фойдаланиш мақсадида уларни дипломга эга бўлмасдан туриб ахборот коммуникацион технологиялар соҳасида ишга жалб қилиш имконияти яратилади.

Бу йилги давлат дастури асосида мамлакатимиз ҳаётида, айниқса аҳолимизнинг рози бўлиб яшаши, фаровонлигини таъминлашда кенг кўламдаги ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. Дастурга кўра, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси фаолиятида фуқароларнинг интернет тармоғидаги  мурожаатлари асосида парламент ва депутатлар сўровларини шакллантириш, сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида электрон порталь ва мобиль иловадан фойдаланиш имконини берувчи электрон парламент тизими жорий этилади. Шунингдек,  2020 йил 1 июнга қадар “Менинг фикрим” веб –порталининг мобиль иловасини ишга тушириш бўйича навбатдаги вазифалар белгилаб олинди. Бу каби вазифаларни сидқидилдан бажарилишида парламентимиз олдида,  депутатлар олдида ҳам улкан масъулият юклайди. Айниқса, парламентимизда қонун ижодкорлиги ва назорат фаолиятини кучайтирган ҳолда халқимиз фаровонлиги учун муҳим бўлган халқчил қонунларни ишлаб чиқиш, ушбу қонунларни халқ билан муҳокама қилиш масалаларига жиддий эътибор қаратиш лозим бўлади.

Шунингдек, дастур лойиҳасида прописка масаласига бағишланган банд қизғин муҳокамалар асосида белгиланди. Таклиф ва мулоҳазаларга асосан, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан кўчмас мулк харид қилишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискада бўлиш талаб қилинмайди. Дастурга асосан, мамлакатимиз ҳудудларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги  янги қурилган уйлардан сотиб олишда давлат божининг алоҳида ставкаси бекор қилиниши белгиланди.

Шунингдек, жорий йил 1-июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисига ҳисоб берадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил орган тузилиши ҳам белгиланди. Дастурга кўра 1 ноябрга қадар Одил Судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апеляция ва кассация инстанциялари ислоҳ қилиниб, назорат тартибида иш юритиш тартиби бекор қилинади.

Давлат дастурида барча соҳалар қатори ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида ҳам катта ижобий ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Хусусан, жорий йил охирига қадар 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий этган ҳолда, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасининг 60 фоизга етказиш, мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этишга тайёргарлик ишлари ўз якунига етказиб, давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланишини ўтган йилга нисбатан 1,3 бараварга кўпайтирилиши белгилаб берилди.

Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан таълим ва тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш борасида бу каби устувор вазифаларни амалга оширишда бежиз эътибор қаратилмаяпти. Чунки, мамлактимизда илм-маърифатли, соғлом, баркамол авлодни, Ватанга садоқатли фарзандни тарбиялашга энг бош устувор вазифаларимиздан бири деб қаралмоқда. Шу нуқтаи назардан Дастурда белгиланган вазифалар партиямизнинг Сайловолди Дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар билан ҳамоҳанглигини яққол кўриш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, ушбу йилги Давлат Дастури давлатимиз раҳбари Мурожаатномаси асосида билдирилган фикрларнинг мантиқий давоми ва амалий ишларнинг йўл харитаси бўлиб хизмат қилади. Умид қиламизки, 2020 йил мамлакатимиз ҳаёти учун улкан муваффақиятларга бой йил бўлади, халқимизнинг турмуши бундан ҳам фаровон бўлади.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+