Давлат бюджети ижроси маъқулланди

21.11.2019 13:11:49

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, партия экспертлари ва фаоллари, тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил 9 ойлик ижроси ва бошқа бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, жумладан, Ҳаракатлар стратегиясининг 2019 йилга мўлжалланган дастури, олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларининг ижросини таъминлашга қаратилди.

Натижада, 2019 йилнинг 9 ойи якунига кўра мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,7 % га ўсди. Шу билан бирга ҳисобот даврида харажатлар давлат мақсадли жамғармаларисиз 86,4 трлн. сўмни ёки ЯИМга нисбатан 23,9 фоизни ташкил этди ва белгиланган режага нисбатан 99 фоизга бажарилишига эришилди.

Фракция аъзолари Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинганини эътироф этган ҳолда, асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратдилар.

Хусусан, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 45,9 трлн. сўм ёки умумий харажатларнинг 53,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 12,7 фоизни ташкил этди. Ушбу харажатларнинг 93,3 % и ёки 42,9 трлн. сўми ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келди.

Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, ҳисобот даврида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, тизимда фаолият олиб бораётган ходимларнинг иш ҳақларини ошириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига
2019 йилда ҳам асосий масала сифатида эътибор қаратилди.

2019 йил 9 ойи давомида умумтаълим соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 14,2 трлн. сўмни ташкил этди. Ушбу маблағлар тизимда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, мактаб таълими тизимидаги раҳбар ва педагог ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш, республиканинг чекка ҳудудларида педагоглар танқислигини олдини олиш  ва бошқа масалаларга йўналтирилди.

Таъкидланганидек, ушбу соҳада ислоҳотларни жадаллаштириш мақсадида хусусан, фракция ташаббуси билан ҳукуматга “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятини такомиллаштириш масаласида ҳукуматга парламент сўрови юборилган эди. Бу асосда Президентимизнинг “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Натижада ҳисоботда келтирилганидек, ушбу соҳада қатор ижобий ишлар амалга оширилиб, қарорга мувофиқ марказлар “Баркамол авлод” болалар мактаблари сифатида қайта ташкил этилди, ходимлар иш ҳақи масаласи сезиларни оширилишига эришилгани фракциянинг бу соҳадаги амалий ишларининг натижаси, дея баҳоланди.

Фракция депутатлари томонидан бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётган, мактаб таълими тизимини ривожлантиришга йўналтирилаётган маблағлар сарфланмай қолаётгани, яъни режа 96 фоизга бажарилгани танқидга сабаб бўлди.

Шу билан бирга кадрлар тайёрлаш соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ҳисобот даврида 2,9 трлн. сўм ёки ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 6,5 фоизи миқдорида маблағ ажратилгани ушбу тизимнинг долзарблиги намунасидир. Бу маблағлар иқтисодиёт тармоқларини малакали кадрлар билан таъминлаш ҳамда жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли кадрлар тайёрлашга йўналтирилди. Депутатлар фикрича ҳали ушбу соҳа олдида бажарилиши зарур бўлган муҳим вазифалар турибди. Айниқа, мутасаддилар томонидан олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида илмий салоҳиятни ошириш ҳамда докторантура ва магистратурага қабул квотаси кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Алоҳида таъкидланганидек, ҳудудларга депутатларнинг ташрифлари давомида таълимни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда кўп ҳолларда маблағ етишмаслиги сабабли белгиланган вазифалар бажарилмасдан қолаётган ҳолатлар кўп учрамоқда. Лекин, таълим муассасаларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш харажатлари 190 млрд. сўм, мактабгача таълим соҳасида 200 млрд. сўм, кадрлар тайёрлашга йўналтирилган 329 млрд. сўм ўзлаштирилиши таъминланмагани депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.

Шунингдек, фракция йиғилишида соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам эътибор қаратилилди. Ушбу соҳага давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 11 трлн. сўмни ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 23,0 фоизини ташкил этди ва бу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 60,9 фоизга ўсди.

Депутатлар, ушбу соҳага ажратилган 519,5 млрд.сўмлик маблағлар харажат қилинмай қолганига тўхталиб, маблағларнинг ўзлаштирилмаслик сабаблари ўтган йиллар бюджет ижроларида ҳам учраганини танқидий баҳолашди.

Бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда, хусусан, депутатлар масъуллигида барча ҳудудларда намунавий шаҳар ва туман бирлашмаларини ташкил қилишда кўп ҳолларда маблағ етишмаслиги сабабли ечимини кутиб турган кўплаб муаммолар мавжуд. Шунга қарамасдан соҳада маблағларнинг тизимли равишда ўз вақтида сарфланмаслик ҳолатлари давом этиб келаётгани мутасадди вазирликлар томонидан танқидий кўриб чиқиш лозимлиги  айтиб ўтилди. Йиғилишда фракция аъзолари ушбу соҳа уларнинг доимий назоратида эканлигини ҳам таъкидлашди.

Депутатлар томонидан юқорида ўзлаштирилиши таъминланмаган соҳалардаги муаммоларни жорий йилнинг охиригача хал этишда мутассади раҳбарлар маъсулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи-назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар ҳамда ҳисобот давридаги Давлат бюджетининг ижросини маъқулладилар.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

“Адолат” СДПнинг парламентдаги фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+