Давлат хизматлари маркази - қулайликлар маскани

12.12.2019 13:12:44

12 декабрь - Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил топган сана.

Ушбу жамоада кўплаб партиямиз аъзолари фаолият юритиб келмоқда. Шу ўринда қисқача Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ўтган икки йил давомида амалга оширилган ишлар хусусида сўз юритсак.

Самимийлик ва тезкорлик, осон ва қулай шароит. Ҳеч муболағасиз ушбу таърифларни бугун жойлардаги давлат хизматлари марказига нисбатан қўллаш мумкин. Эндиликда ушбу сифатлар қаторига кўркам ва шинам деган тушунчалар ҳам қўшилмоқдаки, бу барча юртдошларимиз томонидан илиқ қаршиланмоқда. Зеро, бу имконият ва қулайликлар негизида инсон манфаатлари мужассам. Термиз шаҳрида Давлат хизматлари маркази янги биносининг фойдаланишга топширилиши фикримиз далилидир. Мазкур марказ кунига 500 нафардан ортиқ фуқаро ва тадбиркорларга 100 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатиш имкониятига эга.

Ўзига хос меъморий ечимга эга бўлган мазкур бинода замонавий дизайн асосида  жиҳозланган кутиш зали, хизмат кўрсатиш хоналари, хайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва болалар хоналари ташриф буюрувчилар хизматида. Бинода ташкил этилган кичик кутубхона эса навбат кутиб турган фуқароларнинг вақтини мазмунли ўтказиш имконини яратади.

-Бугун шаҳримиз чиройига чирой қўшадиган яна бир кўркам бинонинг қад ростлагани мени бир қувонтирган бўлса, ушбу масканда ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар айниқса, ходимларнинг самимийлиги ва ширин сўзлиги кўнглимни тоғдек кўтарди. Авваллари бир варақ қоғозни олиш учун  қайсидир идорада эшикма-эшик сарсон бўлиб, кутиш жойлари мавжуд бўлмаган жойларда тик оёқда навбатда турардик. Бугунги шароитни, ишимдаги унумдорликни кўриб, Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилганлиги биз фуқаролар манфаати йўлида амалга оширилган энг муҳим қарор бўлганлигига шубҳам қолмади-дейди Марказнинг янги биносига ташриф буюрган Дилором Аҳмедова.

Дарҳақиқат, янги, замонавий, инновацион марказ фуқаролар учун барча қулайликни ўзида мужассам этган бўлиб, ташриф буюрувчилар учун бинода жойлаштирилган мониторларда давлат хизматлари марказлари томонидан тақдим этилаётган хизмат турлари ҳақида маълумотлар бериб борилиши йўлга қўйилган. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, Узун, Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Шеробод туманларида Давлат хизматлари марказлари аллақачон, янги биноларда иш бошлаган эди. Фойдаланишга топширилган замонавий биноларда аҳолига қулай бўлиши учун туман нотариуси, ФҲДЁ бўлими ва Халқ қабулхонаси, Адлия бўлимлари жойлаштирилган, қолаверса, болалар хонаси, инвесторлар учун махсус жиҳозланган хона, тиббиёт хонаси ҳамда банк кассалари ўрин олган.

Бугунга келиб аҳолининг барча қатлами ўз муаммоларига Давлат хизматлари марказлари ечим топишлари мумкин. Шу ўринда таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан агентлик фаолияти йўлга қўйилган дастлабки вақтда давлат хизматлари маркази томонидан 33 турдаги давлат хизматлари кўрсатила бошланган бўлса, бир йил ичида хизмат турлари 100 тага етди. Бугунги кунга келиб жойлардаги давлат хизматлари  марказлари томонидан фуқароларга 117 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Демак,  юртдошларимиз ушбу хизматлардан турли бюрократик тўсиқлар, овворагарчиликларсиз баҳраманд бўлишмоқда.

2018 йилда Сурхондарё вилоятида  Давлат хизматлари марказлари томонидан жами 335 минг 948 нафар фуқароларга хизматлар кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг 11 ойи давомида 717 минг 956 нафар юртдошларимизнинг  мурожаатлари қаноатлантирилган. Гувоҳи бўлаётганингиздек, бир йил давомида кўзга ташланган ўсиш суръатлари агентлик ва унинг тизимидаги марказларга аҳолининг эътибори ва ишончи ортиб бораётганлигидан далолат.

-Турар жойимни нотурар жойга айлантириб, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи эдим. Шу мақсадда Термиз шаҳар давлат хизматлари марказига ташриф буюрар эканман аввало, бу ердаги шароитларни кўриб, тўғриси,  анчагача ҳайрон бўлиб қолдим. Негаки, барчаси жуда қулай ва осон эди. Ишонасизми, бир кунда тадбиркорга айландим дейди - Барно Хўшбоқова.

Бир сўз билан айтганда, бугун жойларда ташкил этилган давлат хизматлари маркази том маънода қулайликлар масканига айланган, десак хато қилмаган бўламиз. Зеро, бу жойда сиз бир вақтнинг ўзида бир неча турдаги давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятига эгасиз. Яна бир муҳим жиҳати - бунинг учун бирор бир давлат идораси раҳбарига дуч келмайсиз ҳамда унинг қабулига кириш учун қабулхонасида соатлаб вақт йўқотмайсиз.

Партиямиз дастурига мос ҳолда ҳар бир инсон учун адолатли хизмат кўрсатиб келаётган мазкур ташкилот вакилларини ташкил топганлигининг икки йиллиги билан чин юракдан муборакбод этамиз.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+