Давлат тилига оид ислоҳотларда нохолис маслаҳатларга оғишиш эмас, қатъият зарур!

16.05.2020 12:05:04

Ўзбекистон суверен демократик республика. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ушбу жумлалар ҳеч кимга, жумладан, жаҳон афкор оммаси учун ҳам янгилик эмас. Яъни бу норма кеча ёки бугун эмас, бундан 28 йил илгари Конституциямизга муҳрланган. Ва биз билан ҳамкорлик қилаётган ёки қилишни истаган ҳар қандай давлат ушбу нормаларни ҳурмат қилиши шарт ва зарур. Шунинг учун ҳам куни кеча Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг Ўзбекистонда давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиловчи қонун лойиҳаси бўйича билдирган муносабати муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Табиийки, бизнинг ички ишларимизга аралашишга ҳеч қандай ваколати йўқ расмий вакилнинг эътироз ва иддаолари ҳақиқатдан йироқлиги билан ҳам адолатсиздир.

Эслатиб ўтамиз, Адлия вазирлиги томонидан давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг янги таҳрири Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. Янги қонун лойиҳасига кўра давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик жарима билан жазоланиши назарда тутилмоқда.

Бу жуда тўғри таклиф. Негаки, ҳар қандай қонун ижроси таъминланмаслиги учун жазо муқаррар бўлиши шарт. Акс ҳолда қонун ишламайди ва унинг кучи бўлмайди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили қонун лойиҳасининг тарафдорлари камчиликни ташкил қилади ва расмий иш юритувида рус тили тўлиқ сақланиб қолган, деган хато фикрни илгари сурмоқда. Лекин бундай тугал хулосаси учун ҳеч қандай асос келтирмаган. Умуман олганда, Россия расмий вакилининг бу масала Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига зид ёки зид эмаслиги бўйича фикр билдириши мантиққа умуман тўғри келмайди ва бу мамлакат суверенитига путур етказувчи ҳолат сифатида баҳоланиши керак. Бошқа давлатнинг ички ишига бу тарзда аралашиш ҳалқаро ҳуқуқ нормалари ва ташқи сиёсат принципларига зид. Ваҳоланки, суверен давлат ҳудудида тил масаласи, бу бўйича қонун қабул қилиниши ва тартибга солиниши унинг ички сиёсати масалаларига киради.

Ўзбекистон “Адолат” СДП юртимизда давлат тили ўзбек тили ҳисобланиши нуқтаи назаридан давлат органларида иш давлат тилида юритилишини қонуний ва конституцион талаб, деб баҳолайди. Бу масалада бошқа мамлакатларнинг арлашувини кескин қоралайди.

Ва таъкидлаш жоизки, партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, парламентдаги депутатлари ҳамда кўп минг сонли фаоллари мазкур қонун лойиҳаси юзасидан ўз қатъй позициясига эга. Бу борада ташқи муҳитнинг аралашувига муҳтож эмас.

 

“Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+