Даъвогарлар нимадан норози?

10.02.2020 15:02:43

Яқинда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши қабулхонасига пойтахтда истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда баён этилишича, фуқаро А. Норов ва яна 140 нафар хонадон эгалари бундан бир йилча муқаддам Мирзо Улуғбек тумани Ўқитувчилар кўчасидан ҳар бири 400 м. кв ер майдонини уй-жой қуриш ҳуқуқи билан ўзлари яшаб турган квартираларини шаҳар заҳира фондига берилиш ҳисобига олишган. Ушбу ер майдонлари Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 19 июндаги “Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратиш тўғрисида”ги 772-сонли қарори асосида берилган. 2017 йилнинг охири ва 2019 йилнинг январ ойига қадар юқорида кўрсатилган фуқароларнинг баъзилари томонидан уйлар қурилиши бошланган. Бироқ даъвогарларнинг маълум қилишича, мазкур ер майдонларида қурилиш ишлари давом этаётган пайтда, яъни, 2019 йилнинг февраль-март ойларида Тошкент шаҳар ва Мирзо Улуғбек ҳокимликларининг мансабдор шахслари томонидан оғзаки равишда (ҳеч қандай ҳужжат берилмасдан) ер участкаларида уй-жой қуриш ишлари вақтинча тўхталиши айтилган. Сабаб этиб ер майдонлари остидан сув сатҳи кўтарилаётганлигини иддао қилишибди. Ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини олган талабгорлар эса сув чиқаётганлигини инкор этишмоқда.

Мурожаатчилар билан суҳбатимизда улар хозирда ижарама-ижара сарсон бўлиб юришганлигини маълум қилишди. Бу ҳолат уларни қийин аҳволга солиб қўяётганлигини, муаммонинг тезда ҳал этилишида ёрдам кўрсатишимизни сўрашди.

Дарвоқе, кўплаб инсонларнинг тақдири турган ушбу масала ўта жиддий. Биз бу хусусда олиб бориладиган амалий ишларни кейинги сонлардаги мақолаларимизда батафсил ёритиб борамиз.   

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+