Дебатда партия позициясини ҳимоя қилдик

29.11.2019 15:11:37

 

Фарғона вилоят Тадбиркорлар марказида вилоят Сайлов комиссияси томонидан партиялараро дебат ташкил этилди. Дебатда барча сиёсий партиялар вакиллари, Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, шаҳар, туман Кенгаши депутатлигига номзодлари, фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари ва блогерлар иштирок этди. 

Партияларнинг спикерларига сайловолди дастурида кўзда тутилган, ёшларнинг ҳуқуқ ва марфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган таклиф ва ташаббуслари юзасидан саволлар берилди. Айнан ёшларимизнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг  меҳнат мигрантларига айланиб қолишининг олдини олиш,  номзодлар таркибидаги  ёшларнинг  иштирокини кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама  этилди.

"Янги Ўзбекистон – янги сайловлар!" шиори остида ўтказиб келинаётган тарғибот тадбири, дебатларда  партияларнинг сайловолди дастурида келгуси йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган таклиф ва вазифалар фуқароларнинг муаммоларига ечим топиши, уларнинг  фаровон турмушини таъминлашга  хизмат қилиши лозимлиги  таъкидлаб келинмоқда.

Мазкур дебатда  ҳам айнан шу жиҳатларга аҳамият  қаратилди.  Партиялар томонидан кўрсатилаётган номзодларнинг айримлари партиясиз эканлиги  таҳлил қилиниб,  уларнинг муносабати тингланди.

-Бизга маълумки, кўплаб ёшларимиз бугунги кунда хориж давлатларида меҳнат қилмоқдалар.  Албатта, сабаби моддий  эҳтиёжга бориб тақалади. Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори асосида  “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш  тўғрисида”ги  Низом ишлаб чиқилган. Бизнинг партия  айнан  Низомда кўзда тутилган мезонларни амалга оширишда  ҳамфикр ва ҳамқадамдир.  Тўй-маросимларда сарф-ҳаражатларнинг қисқариши бевосита оила бюджетига, хорижга ишга кетиш ҳолатига ҳам таъсир кўрсатади.  Чунки аксарият ота-оналар  тўй қиламан, дея  ўз фарзандларини   қўшни давлатларга ишлаш учун жўнатмоқдалар.   Қолаверса, меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, ойлик маошларини ошириш тарафдоримиз, – дея ўз муносабатини билдирди Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят  Кенгаши вакиллари.

 Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП  Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+