Демократик ислоҳотлар йўли янги Ўзбекистон манфаатларига хизмат қилади

01.02.2021 11:02:50

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилда ўтказиладиган  Президентлик сайловлари масаласига тўхталиб ўтиб, Марказий сайлов комиссияси “бўлажак сайловларнинг миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши” лозимлигини таъкидлаган эди.

Бугунги глобал дунё,  ҳозирги давр мамлакатлар ва халқлар олдига кутилмаган вазифалар, долзарб муаммолар қўймоқдаки, буларнинг барчаси миллий сайлов қонунчилигини ҳам мунтазам такомиллаштириб боришни тақозо этади. Бу жараёнда айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш лозим бўлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида учинчни ўқишда қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун айни шундай муҳим ҳужжатлардан биридир.

Аввало, айтиш жоизки, кенг жамоатчилик эътиборига аввалроқ ҳавола қилинган қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар ўтган давр мобайнида мамлакатимиз сайлов тизимида юзага келган миллий тажриба ва хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий амалиёти асосида ишлаб чиқилган.

Фикримизча, Қонунчилик палатаси қабул қилган мазкур қонун қуйидаги ижобий жиҳатлари билан алоҳида аҳамиятга моликдир:

Биринчидан, унинг асосида миллий сайлов қонунчилигимизга умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар жорий этилмоқда;

иккинчидан, фуқароларнинг сайловларда иштирок этишига доир конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга имкониятлар яратилмоқда;

учинчидан, сайловларни молиялаштириш ва уларнинг сарфланиши бўйича очиқлик ва шаффофликни таъминлашни назарда тутувчи янги тартиблар жорий этилмоқда;

тўртинчидан, ушбу қонунда назарда тутилаётган янги нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши жонажон юритимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилашга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга моликдир.

Эндиликда мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида” ги Конституциявий Қонуннинг 3-моддасига, Сайлов кодексининг 29 та моддасига, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 6 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Маълумки, амалдаги Конституциянинг 117-моддасига мувофиқ, Президент сайлови Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилар эди. Янги ўзгартишларга кўра эса, сайловларни октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Бу жорий  йилда 24 октябрь кунига тўғри келади.

Шу кунга қадар ўтказилган сайловларда фуқаролар, айниқса энг чекка қишлоқларимизда яшовчи фуқаролар қиш фаслининг инжиқ кунларида, ноқулай об-ҳаво шароитида овоз бериш учун сайлов участкасига келишларига тўғри келаётган эди. Маълумки, қор-ёмғирли кунларда автомобиль йўллари музлаган ҳолатлар кўп учрайди. Октябрь ойи эса куз фасли бўлгани боис қишга нисбатан иссиқ ва об-хаво яхши бўлади. Сайловчилар қор-ёмғирда эмас, балки қулай шароитда, шаҳар йўловчи ташиш таранспорти ёки ўз автоуловларида ҳам сайлов участкасига хавфсиз боришлари таъминланади.

Таққослаш учун бир фактни келтириб ўтсак: асосан иқлими иссиқ бўлган жанубий яримшар давлатларида, масалан, Гана, Миср, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси, Жазоир, Венесуэла, Доминика каби мамлакатларда сайловлар декабрь ойида ўтказилади. АҚШ, Швейцария, Испания, Уругвай, Чили, Босния, Иордания, Молдова ва бир қатор МДҲ давлатларида эса сайловлар октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтади. Демак, хорижий тажрибадан ҳам кўриниб турибдики, муҳим принципиал жиҳат — сайловчилар ва кузатувчиларга қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сайловга оид мазкур қонунда сайлов комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш борасида ҳам қатор янгиликлар назарда тутилган. Қонунда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида сайлов комиссиялари номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланди. Сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартириш бўйича муҳим ўзгартиришлар киритилди. Шу билан бирга хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Бундан ташқари, сайловларни молиялаштириш борасидаги мавжуд тартибнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиб, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда Президентлик сайловларини ҳам давлат томонидан молиялаштириш тартиби белгиланган.

Халқаро ташкилотлар хулосаларига кўра, бугунга келиб “Жаҳон мамлакатлари демократия индекси”да Ўзбекистон ҳозирда 157-ўринни эгалламоқда. Шуни инобатга олган ҳолда Президентимизнинг 2020 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги Фармонига биноан, “Сайлов жараёни ва плюрализм” йўналиши бўйича мамлакатимиз кўрсаткичларини 2022 йилга қадар 6 бараварга ошириш мақсади қўйилган.

Бинобарин, сайлов тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган мазкур Қонуннинг қабул қилиниши “Жаҳон мамлакатлари демократия индекси”да мамлакатимиз кўрсаткичларини янада ошириш, энг муҳими,  демократик ислоҳотлар йўлида  янги Ўзбекистон манфаатларига хизмат қилади.

 

Маҳмуджон БОЛТАБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати,

Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+