Деновда 20 йилдан буён қийнаб келган сув муаммоси бартараф этилди

10.12.2020 14:12:00

Азал-азалдан аҳоли зич жойлашган ҳудудларда ер ва сув масаласи долзарб муаммолар сирасига кирган. Хусусан, Денов туманининг тоғли ҳудудларида ҳам шу каби масалалар баъзида кўзга кўриниб, баъзида аҳоли тортишувларига сабаб бўлмоқда. Жумладан, тумандаги Чим маҳалласи обод ва намунали маҳаллалар сарасига киради. Атроф-муҳит озода, маҳалла аҳолиси тинч, бир-бири билан аҳил-иноқ яшайди. Аммо, мазкур маҳаллада ичимлик суви муаммоси мавжуд бўлиб, артезиан қудуқларидаги насослар яроқсиз ҳолга келиб, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган муҳтожлиги билан боғлиқ муаммолар маҳалла аҳлини бир неча йиллардан буён қийнаб келар эди. Маҳалладаги мавжуд сув артезиан қудуқларидаги насосларнинг бузилиш ҳолатлари аҳолида тоза ичимлик сувига бўлган муаммони туғдириб келаётган эди.

Шу хусусда тумандаги “Жаъматак” сайлов округидан сайланган Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати Фарҳод Расулов томонидан олиб борилган юзма юз мулоқотлар даврида фуқаролар томонидан ушбу муаммони бартараф этишда ёрдам беришларини сўраб мурожаатлар бўлган эди. Халқ ноиби ушбу қишлоқ аҳлининг ичимлик сувига бўлган талабини қондириш, туну кун кафолатланган тоза ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш мақсадида маҳалланинг фаоллари билан ўтказган учрашувларида мазкур мавзу атрофлича муҳокама этилди. Депутатимиз қисқа муддат ичида мавжуд сув тармоқларини тозалаш, айрим ҳудудларда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилишини маълум қилган ҳолда, бугунги кунда аҳолини қийнаб келаётган кун давомида сув таъминотини таъминлаш имконини берувчи сув тортиш мосламаси билан таъминлашга ваъда берди.

Шунга асосан, депутатимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенаторларининг жойларда ўтказилаётган сайёр қабулида бўлиб, мазкур муаммони ҳал қилишда кўмак зарурлигини билдирди. Хусусан, сенатор  Абдуғани Сангинов ўтказган сайёр қабул вақтида депутатимиз мазкур муаммони бартараф этишда кўмак зарурлигини билдирди. Сенатор муаммони ўрганиб чиқиб, ҳал қилиб беришга киришди.

Сенаторнинг ҳомийлиги остида  “Чим” маҳалласидаги 20 йилдан буён умуман яроқсиз ҳолга келиб қолган мавжуд сув артезиан қудуғи махсус техникалар билан тозаланди. Сув тортиш қудуғига 1 дона янги замонавий ЭЦВ насос, қувур, кабеллар ва бошқа янги замонавий ускуналар ўрнатилиб таъмирланди ва аҳолига тоза ичимлик суви чиқариб берилди. Бунинг натижасида “Чим” маҳалласидаги 842 та хўжаликда 4280 дан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик суви муаммоси бартараф этилди.  Ниҳоят, 20 йилдан буён қийнаб келган сув муаммоси бартараф этилганидан маҳалла аҳли жуда хурсанд бўлишди.

-   Маҳалламизда 800 дан ортиқ хонадон бор,-дейди биз билан суҳбатда “Чим” маҳалласи раиси М.Бўриева.- Қатор йиллардан бери бизни ичимлик суви муаммоси қийнаб келаётганди. Ҳудудимиздаги сув артезиан қудуғини таъмирлатиш юзасидан қатор мутасадди ташкилотларга кўплаб мурожаатлар қилган эдик. Бироқ, натижаси бўлмаган эди.

Маҳалла аҳли қишлоқдан бир неча километр узоқликдан сув ташиб келтирар эди. У ҳам вақти-вақти билан тўхтаб қолиши туфайли  катталару кичикларнинг  соатлаб навбат кутишига тўғри келаётганди.  Айниқса, томорқадаги сабзавот  ва мевалар, чорва моллари, паррандалар – ҳамма-ҳаммасига сув ташиш керак. Қанчадан-қанча томорқа экинларимиз, дов-дарахтлар қуриб қолаётган эди. Бу эса, маҳалладошларимизни бирдек қийин аҳволга солаётган эди. Мана, халқ ноибларининг саъй-ҳаракати билан маҳалламизга сув келди. Бундан жуда хурсандмиз. Мушкулимизни осон қилган депутат Фарҳод Расулов ҳамда сенатор Абдуғани Сангиновларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Бугун каттаю кичикнинг дуосини олиб, хайрли ишларни амалга ошираётган халқ вакилларидан одамлар мамнун. Зеро, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам халқни рози қилишга қаратилгандир.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+