Деновдаги ёзда чанг, қишда лой кўчаларга тош ётқизилди

27.02.2020 18:02:04

Ислом Худойбердиев – Денов туманидаги “Чағониён – Наслчилик – Денов” хусусий корхонаси раҳбари, тадбиркор, Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати. У зиммасидаги масъулиятни яхши англаган ҳолда бир неча йиллардан буён туман аҳолисини қийнаб келаётган бир қанча муаммоларини ўрганиб, савобли ишларни мунтазам бажариб келаётган фаол депутатлардан бири саналади. Депутат фаолияти давомида аҳоли билан учрашувларда “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 365 та хўжалик ва 2700 зиёдроқ аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири - тоза ичимлик суви масаласини ҳал этиб берди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланган туман Кенгаши депутати И.Худойбердиев ўз маблағи ҳисобидан маҳалла аҳли учун артезиан қудуғи қаздириб, сув минорасини ўрнатди. Туман “Сувоқова” корхонаси билан ҳамкорликда қувурларни ўрнатиш, таъмирлаш ишларини олиб борди  ва ниҳоят  “Дўстлик” МФЙда сув минораси ишга туширилди.

Депутатимиз тумандаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан ҳамиша хабар олиб, озиқ-овқат, кийим-кечак маҳсулотлари билан таъминлаб келади. Шунингдек, Президентимиз томонидан олиб борилаётган 5 ташаббус доирасида ҳам сезиларли ишларни амалга оширди.. Ўтган йили депутат томонидан Термиз давлат университети Денов филиалига 300 та бадиий китоб тақдим этилгани ҳам бунга ёрқин далилдир.

Қувонарлиси шундаки, депутатимиз яқинда яна бир хайрли ишга қўл урди. Депутатимиз Денов туманидаги  “Лангар ота” маҳалласига қарашли “Буйрачи” қишлоғи кўчаларидан 2 км узунликдаги ички йўлларга тош ётқизиб, маҳалла аҳлига қулайлик яратиб берди. 

Айтиш жоизки, тумандаги “Буйрачи” маҳалласида 2000 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳолиси ёзда чанг, қишда лой кўчалардан юришга қийналишар, айниқса, мактаб болаларига бу анча ноқулайлик туғдирар эди. Аҳоли бу хусусда мутасаддиларга бир неча бор мурожаат қилишган бўлсалар-да мурожаат ижобий натижа топмаган эди. Депутат И.Худойбердиевнинг аҳоли билан юзма юз мулоқотлари давомида фуқаролар томонидан мазкур муаммони ҳал қилиб беришни сўраб мурожаат бўлган эди. Депутатимиз муаммони ўрганиб дарҳол “Денов йўлқурилиш” корхонаси мутасаддилари билан ҳамкорликда муаммога амалий ечим топди. Депутатимизнинг ўз ҳисобидан қилган хайрли иши - маҳалла аҳлининг оғирини енгил қилгани маҳалладошлар қувончига қувонч  қўшди. Шунингдек, унгача депутатимиз томонидан Денов шаҳри А.Навоий номли маданият ва истироҳат боғида “Нуронийлар чойхонаси” қурилиш ишларида ҳомийлик қилгани ҳамда тумандаги “Бибисарпушта” қабристонини обод қилиш мақсадида 400 кишилик бостирма қуриб фойдаланишга топширилганлиги ҳам туман аҳолиси томонидан эътирофга сазовор бўлган эди.

Бугун пиёда ва автотранспорт қатнови яхшиланганидан миннатдор бўлаётган аҳоли билан биргаликда ушбу хайрли ишдан депутатимизнинг ҳам хурсандчилиги чексиз.

— Аҳолининг қувончини кўриб кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшилди,-дейди суҳбат чоғида Ислом Худойбердиев.- Халққа сув келтирган, йўл созлаган  инсонни эл ардоқлайди. Ҳа, инсон савоб ишни ҳар куни қилиши керак.  Менга билдиришаётган миннатдорчиликларни кўриб руҳландим ва зиммамга яна вазифалар қўйдим. Денов шаҳри ва туманига қарашли бир неча ички йўллар таъмирталаб. Кейинги иш режамда ҳам ана шу ички йўлларга асфальт ётқизиш, таъмирлаш ишларини ташкил этишни ва олиб боришни режалаштирганман.

Халқ билан мулоқот даврида депутатимиз тумандаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ғамхўрлик, меҳр-мурувват кўрсатиш, аҳоли фаровонлиги, тинчлиги ва тотувлиги таъминлашдек хайрли ишларда ўзининг беминнат ёрдамини аямай келмоқда. Бундай хайрли ишларда депутат Ислом Худойбердиевнинг  ҳамиша бош–қош бўлаётганлиги партиямизнинг ҳам мавқеини баланд бўлишида катта аҳамият касб этади.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+