Депутат 31 та оилани оталиққа олиб, 10 миллион сўмлик маҳсулот тарқатди

09.06.2020 13:06:13

Президентимиз шу йил 3 июнь куни карантин тадбирларини бирмунча юмшатишга бағишлаб ўтказган йиғилишларида кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоялашни янада кучайтириш юзасидан аниқ кўрсатмалар берган эдилар. Шунга асосан Ўзбекистон “Адолат” СДП Китоб туман Кенгаши фаоллари ва депутатлар пандемия шароитида қийналиб қолган ночор оилаларга кўмаклашиш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш, зарур озиқ-овқат маҳсулотларини ўз вақтида етказиб бериб, аҳволи-руҳияларидан тез-тез хабар олиб туришаяпти.

Халқ депутатлари Китоб туман Кенгаши депутати Баҳриддин Эгамбердиев давлатимиз раҳбари даъватларига жавобан “Яккатут”, “Парчакент” маҳаллаларидаги 31 та камбағал, муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларни ўз оталиғига олиб, ун, ёғ, шакар, гуруч, макарон, гўшт, туз, чой, тухум ва бошқа жами 10 миллион сўмлик маҳсулотларни улашди.

Шунингдек, халқ депутатлари Китоб туман Кенгаши депутати Марҳабо Шукруллаева “Нурафшон” МФЙдаги 12 та кам таъминланган оилаларни ўз оталиғига олиб, эҳтиёжманд хонадонларнинг ҳар бирига 300 минг сўмлик 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди.

Депутат Марҳабо Шукруллаева оилаларни ўрганиш жараёнида 30 нафар фуқаро ишсиз эканлигини аниқлади ва туман ҳокими Алишер Зокиров ҳамкорлигида уларни туман ободонлаштириш бошқармасига ҳамда мавсумий ишларга жалб қилишга муваффақ бўлди. Кўпгина оилаларга эса субсидиялар ажратиш эвазига ўз тадбиркорликларини йўлга қўйиб олишларига кўмаклашаяпти.

“Хайрли ва савобли ишлар инсонни турли ҳалокатлардан сақлайди” дейди халқимиз. Бу пурҳикмат сўзлар Ўзбекистон “Адолат” СДП Китоб туман Кенгаши  фаоллари ва депутатларига қарата айтилгандек туюлади. Биз уларнинг бундан кейин ҳам худди шундай хайрли ва савобли ишлар қилиб, обрў-эътибор орттиришларига тилакдош бўлиб қоламиз.

 

Шаҳло ЛУҚМОНОВА,

Қарши туманидаги

26-мактаб ўқитувчиси,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+