Депутат аралашгач, светофор ўрнатилди

13.03.2020 22:03:52

Яқин-яқингача пойтахтимиздаги Миробод туман “А. Фитрат” МФЙнинг Янги замон ва Сарикўл кўчалари кесишган чорраха яқинида жойлашган 154-умумтаълим мактабига бориб-келишга ўқувчилар бироз ҳадиксирарди. Негаки, ушбу чоррахага светофор ўрнатилмаган бўлиб, тумандаги “Олтинкўл” ҳамда “Сарикўл” МФЙларидан мактабга қатнайдиган ўқувчиларнинг ҳаётига хавф туғдирарди. Авваллари мазкур кўчалардан трамвай йўли ўтган бўлиб, анчагина таъмирталаб ҳолатда бўлган. 2019 йилда трамвай йўли олиб ташланиб ва йўллар таъмирланиб,  кенгайтирилгандан кейин йўл транспорт ҳодисалари содир бўлиши ҳам кўпайди.

Чорраханинг тўртта томонига пиёдалар ўтиш белгиси қўйилган бўлса-да, аммо махсус чизиқлар тортилмаганди. Муаммодан қийналган маҳаллалар аҳли фаоллар етакчилигида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Ташпўлат Матибаевга мурожаат қилишди. Депутат мазкур ишни ўрганиб, вазият чиндан-да жиддий эканлигини аниқлади. Масалага ечим топиш мақсадида шу йилнинг 26 февралида Миробод туман ҳокимлигига депутатлик сўрови киритди.

Ҳокимлик мутасаддилари муаммодан тегишлича хулоса ясаб, депутат сўровини ижобий ҳал этишга киришдилар. Икки хафта ўтар-ўтмай чоррахалар чегарасида янги светофорлар ўрнатилди. Бу эса ҳар куни мактабга фарзандини юрагини ҳовучлаб кузатадиган ота-оналарнинг хурсандчилигига сабабчи бўлди. 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+