Депутат халқ таклифини қўллаб-қувватлади

21.12.2020 19:12:26

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг «Адолат» СДП фракцияси аъзолари бўлган депутатлар жойларда сайловчилар билан бевосита мулоқотлар ташкил этиб, юзага келган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашмоқда.

Хусусан, яқинда пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 144-мактабда “Ракат” маҳалла аҳли билан бўлиб ўтган учрашувда депутат Елена Борисова иштирок этди.

Учрашув аввалида депутат йилнинг оғир ва синовли пандемия даврига тўғри келганига тўхталиб ўтди. Бу йил давлат бюджетининг асосий қисми соғлиқни сақлаш соҳасига сарфланганига урғу берди. Аҳолини пандемия шароитида иқтисодий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, соғлигини муҳофаза этиш йўналишида қонунлар ишлаб чиқишга эътибор кучайтирилганлигини таъкидлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тарафидан илк бор бюджет назорати ўрнатилганлигини, бу ҳолат ўз навбатида шаффофлик ва очиқликни таъминлашга хизмат қилаётганлигини маълум қилди.

Суҳбат давомида аҳоли томонидан билдирилган саволларга ҳам жавоб бериб ўтилди. Саволларнинг аксариятини сифатсиз дори-дармонлар, ноқонуний товарлар айланмаси,  баъзи фирибгарлар томонидан бизнесга айлантириб олинаётганлиги ҳақидаги эътироз ва мурожаатлар ташкил этди. Дорилар қутисининг айримларида фақат номи ва ўлчовидан бошқа ҳеч қандай маълумот кўрсатилмаганлиги, йўриқномалари мавжуд эмаслиги каби ҳолатлар кўп учраётганлиги мисол тариқасида келтириб ўтилди.  

Учрашув якунида депутат кўтарилган барча масалалар юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиб, қонун лойиҳасига тақдим этишини маълум қилди.

 

Шаҳриёр ДАВРОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+