Депутат ҳисобот берди

07.08.2019 14:08:58

Мамлакатимизда парламентга ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказиладиган сайловлар тобора яқинлашмоқда. Бунга “Адолат” СДП ташкилотларида ҳам қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Яқинда партиямизнинг Наманган вилоят Кенгашида ташкил этилган йиғилишда ҳам шу тўғрида атрофлича фикр юритилди. Янги Сайлов кодекси, сайловолди дастури лойиҳаси диққат марказида бўлди.

Исроил Жўраев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси;

– Биз навбатдаги сайловларга тайёргарлик кўрарканмиз, кун тартибига биринчи масала қилиб депутатларимизнинг ўтган давр мобайнидаги фаолияти юзасидан ҳисобот беришларини йўлга қўйишни лозим топдик. Бунда уларга маҳаллий кенгашларимиз фаоллари ёрдам кўрсатишлари кераклигини белгиладик. Тадбирларни ўтказишнинг тахминий режа-жадвалини ишлаб чиқдик. Шунингдек, ҳар бир партия кенгаши раисига ҳисоботда қандай масалалар акс этиши лозимлиги, кўпроқ қайси йўналишларга эътибор қаратиш зарурлигига оид йўриқномалар ҳам тақдим этдик. Бу жараёнда депутатларимиз қандай фаолият юритганлигига сайловчилардан ўзига хос баҳо оламиз. Айни пайтда келгуси сайловларда қатнашадиган номзодлар учун дастурлар ишлаб чиқишда қўл келади. Чунки шундай учрашувларда ҳудудлардаги энг муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаб олиш мумкин.

Куни кеча ана шундай тадбирлардан дастлабкиси бўлиб ўтди. Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашига 1-Тошматов сайлов округидан депутат Олимхон Мақсудов ўз сайловчилари билан учрашувда ҳисобот берди. Поп туманидаги 10-ихтисослашган мактабнинг соя-салқин ҳовлисида Санг қишлоғидаги еттита маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари тўпландилар.

“Пиллакаш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тоҳиржон Маткаримов тадбирни қисқача кириш сўзи билан очар экан, ҳар қандай сиёсий партия олға сураётган ғояларга жамоатчилик орасида уйғотишда депутатлар фаолияти катта аҳамият касб этишини таъкидлади. Халқ юксак ишонч билдирга кишининг фаолияти ниҳоятда серқирра эканлиги қайд этилди. У ўзи сайланган маҳаллий вакиллик органида, доимий комиссияда, партия депутатлик гуруҳида ва сайлов округида ҳам фаол иш олиб бориши даркор.

Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Олимхон Мақсудов мазкур жараёнларни халқ билан бошқарув органлари ўртасидаги кўприк, деб аташ мумкинлигини айтди. Шундан келиб чиқиб, у ўзи аъзо бўлган вакиллик органининг фаолияти тўғрисида батафсил ахборот бериб, қабул қилинган қарорлар ва муҳокама этилган масалаларга батафсил тўхталди. “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи кенгаш сессияси кун тартибига киритган қатор мавзуларнинг мазмун-моҳиятини очиб берди. Айниқса, вилоят ҳудудида йўналишсиз такси фаолиятини йўлга қўйиш, умумтаълим мактабларда тиббий хизматни яхшилашга доир масалалар қизғин муҳокамага сабаб бўлганлигини ва кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотганлигини билдирди.

Сайловчилар О. Мақсудов аъзо бўлган аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари доимий комиссияси фаолияти ҳақидаги маълумотлар билан ҳам қизиқиб танишдилар. Қонунларнинг ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорларининг ижросини ташкил этиш ҳамда назорат қилишда ўзлари сайлаган депутат фаол қатнашаётгани барчани қониқтирди.

Ҳисоботнинг асосий қисми албатта, бевосита сайлов округида амалга оширилган ишларга қаратилди. Бу ўринда партиядошимиз ҳудудда фуқароларни ўйлантираётган муаммоларнинг ечимини топиш йўлидаги изланишлари ҳақида гапирди. Мисол учун, бандлик масаласини олайлик. Депутат янги иш ўринлари яратиш юзасидан юқори ташкилотлар олдига жуда кўп масалалар қўйди. Ниҳоят, 2017 йилда Санг қишлоғи ҳудудида кўмир брикетлари заводи барпо этилди. Бу ерда юз нафарга яқин маҳаллий аҳоли вакиллари ишга жойлашдилар.

Ёки аввал фуқароларнинг кўп эътирозларига сабаб бўлган электр таъминотидаги узилишларни олайлик. Депутат ташаббуси билан бу борада бутун бир дастур ишлаб чиқилди. Бу жараёнда маҳаллий ҳокимият вакиллари ва электр тармоқлари корхонаси ходимлари ҳам иштирок этдилар. Натижада 600 тадан зиёд темир-бетон симёғочлар ўрнатилди. 12 километр масофадаги электр узатиш тармоқлари бутунлай янгиланди.

Фуқаро Юрсинали Ҳасанов:

– Мен ўзим ногиронман. Уй-жой шароитим оғир эди. Шунинг учун депутатимизга мурожаат этгандим. Унинг тавсияси ва бевосита ёрдами билан маҳалла фуқаролар йиғини муаммони ҳал этиб берди. Ҳозир ўз уйимга эгаман. Бунинг учун ҳаммадан миннатдорман.

Давлатали Акбаров, “Нуроний” жамғармаси бошланғич ташкилоти раиси:

– Бугунги кунда Санг қишлоғи марказида катта замонавий гузар қурилиши бошлаб юборилган. Бунда ҳам депутатимизнинг бевосита иштироки бор. Ҳозиргача ўз кучимиз билан анча ишларни бажардик. Энди “Маҳалла” жамғармаси вилоят бўлими ва туман ҳокимлиги ваъда берган ёрдамни кутиб турибмиз. Йил охиригача гузарни ишга туширишни мўлжаллаганмиз.

Қисқаси, сайловчилар депутат фаолиятини ҳар томонлама чуқур таҳлил қилдилар. Айрим ечимай қолган муаммолар, йўл қўйилган муаммомолар тилга олинди. О. Мақсудов улар устида қолган давр мобайнида ишлашни давом эттиришга ваъда берди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+