Депутат кўмаги билан фуқаронинг муаммоси уйида ечим топди

18.05.2020 13:05:19

Избоскан туманининг “Бешмирза” маҳалласида яшовчи Ўлмасбек ака Исабоев бир неча йиллардан буён касалликдан азият чекади. Аввалари кўчага чиқа олар, уй ва бошқа ҳужжатлар билан ўзи шуғулланарди. Бироқ сўнгги кунларда ҳаво ҳарорати ҳам унинг саломатлигига путур етказмоқда. Гоҳ-гоҳида маҳалла гузарига ҳам чиқишга қийналмоқда.

Йилдан йилга унинг фикру ҳаёли анчадан бери тўхтаб қолган кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ишларини давом эттиришда. Бунинг учун эса туман марказига бориш, ташкилотма ташкилот югуриши керак. Қани эди соғлиги панд бермасаю, бошланган ишларни тугалласа.

Бу борада халқ депутатлари Избоскан тумани Кенгаши депутати  Дилфуза Аҳмедова Ў.Исабоевга ёрдам қўлини чўзди. Давлат хизматлари марказлари фаолияти хақида айтиб, биргаликда мурожаат қилди.

Аввалига фуқаро давлат ташкилоти ходимларининг келиб, хизмат кўрсатишига ҳеч ишонмади. Икки кун ўтар ўтмас уйига Избоскан туман Давлат хизматлари маркази мутахассислари кириб келганида, эътибордан қувонди.

Шу куннинг ўзида унинг кўчмас мулк объектларига бўлган хуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр паспортини шакллантириш хизматини олиш бўйича мурожаати сайёр тартибда қабул қилинди.

Ўлмасбек ИСАБОЕВ:

-Олдинлари бир парча қоғозни деб, қанча сарсон бўлардик. Ишимизни охирига етолмасак, кетган вақтимизга ачинардик. Битта имзони деб ойлаб кутишлар, ялинишлар бўларди. Бундан уч-тўрт йил аввал давлат идоралари уйингизга келиб хизмат кўрсатади, деса ишонмасдим. Президентимиз олиб бораётган ислоҳотлар туфайли мана шундай ёруғ кунларни кўриб турибмиз. Ишимизни уйимиздан чиқмасдан ҳам битиряпмиз.

Рустамжон ЭШОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

вилояти Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+