Депутат кўмаги билан муаммолар ечимини топди

02.02.2021 18:02:52

Маълумки, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз ҳудудларида бўлиб, сайловчилари билан очиқ мулоқотлар ва ўрганиш ишлари олиб бормоқда. Аниқланган муаммолар, мурожаатлар эътиборга олиниб жойнинг ўзида тезкорликлик билан  ижобий  ҳал этилмоқда.

Хусусан, Олий Мажлис  Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоевнинг  куни кеча Хонқа туманидаги  “Катта куч” маҳалласида жойлашган 21- сон умумий ўрта таълим мактабида  сайловчилар билан жонли мулоқоти  ташкил этилди ва мазкур маҳаллада ўрганиш ишларини олиб борди.

Учрашувга  туман ҳокими ва мутасаддилари, маҳалла аҳолиси, ёшлар, партия фаоллари, туманда фаолият юритаётган барча ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Учрашув даставвалида Депутат М.Қурбонбоев мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга ҳамда халқимизга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун ва моҳияти, ундан келиб чиқиб олдимизга белгилаб олган вазифалар тўғрисида гапирди. Шундан сўнг, туман ҳокими Мурод Давлетовнинг нутқи эшитилди.   

21-сон умумий ўрта таълим мактаби директори Комил Саидметовнинг мазкур  мактаб бир неча йилдан буён талабга жавоб бермайдиган ҳолатга келиб қолгани сабаб мактаб жамоаси, ўқувчилар, ота-оналарга ёмон таъсир қилиб келаётгани ва бу муаммо юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоевга мурожаат этилгани ва унинг  саъй-ҳаракатлари билан мактаб капитал таъмирланиб замонавий ҳолатга келтирилгани тўғрисидаги миннатдорлиги  иштирокчиларга кўтаринкилик бағишлади. Ота-оналар, ўқитувчилар сўзга чиқиб мактабда фарзандлари янги таъмирланган, барча шароитларга эга бўлган мактабда ўқиётганидан  хурсанд эканини билдиришди.

Шундан сўнг депутат  Мақсуд Қурбонбоев ҳамда  Хонқа туман ҳокими Мурод Давлетов биргаликда  фуқаролар, айниқса ёшларга сўз бериб уларни қийнаб келаётган муаммо ва мурожаатлари билан ўртоқлашишди.

Жумладан, ёш сайловчи Шохруҳ Аллберганов  боғ яратиш нияти борлигини билдириб, ер майдони ва имтиёзли  кредит  кераклиги тўғрисидаги  мурожаати эътиборга олинди ва “Миллий банк”дан ташриф буюрган вакилга кредит масаласини тез кунда ижобий ҳал этиш вазифаси топширилди. Мурожаатчига  керакли ҳужжатларни тайёрлаш юзасидан тушунчалар берилди.

Шунингдек, Розия Қурбонованинг уйида миллий пишириқлар тайёрлаш бўйича тадбиркорлик   қилиш мақсади ҳам эътиборга олинди ва имтиёзли кредит бериладиган бўлди.

Аминбой Матяқубов, ёш сайловчи:

15 йилдан буён сартарошлик ҳунарим  бўйича   ижарада фаолиятимни олиб бормоқдаман.   Ўз сартарошхонам бўлиш кўп йилги орзуим эди. Бугунги учрашувда  мурожаатим эътиборга олинганидан депутат М.Қурбонбоевга ва туман ҳокими Мурод Давлетовга миннатдорчилик билдираман. Биз ёшларга шундай имконият яратиб бераётган давлатимизга муносиб фарзандлар бўлишга ваъда бераман.

Шу маҳаллада яшовчи  ёш сайловчи Гулистон Жаббарова ва дугоналарининг  маҳаллада тикувчилик цеҳи очиб берилса  40 нафар   тенгдошларимиз иш ўрни билан таъминланган бўларди, деган мурожаати ҳам эътиборга олинди ва МФЙ раисига 1 кун муддатда  бу масалани ечимини топиб, туман ҳокимига  етказиш таклифи берилди.

“Катта куч”  маҳалласи  аҳолиси томонидан маҳаллада биронта ҳам мактабгача таълим муассаси мавжуд эмаслиги тўғрисидаги таклифлари ҳам мутасаддиларнинг диққат марказидан жой олди. Муҳокамадан сўнг, бу масала ҳам ижобий ечимга эга бўлишини, ҳудуд аҳолиси учун давлат хусусий шерикчилик асосида  МТМ барпо этилиши режалаштирилди.

Учрашув давомида  булардан ташқари бир неча муаммо ва мурожаатлар депутат, туман ҳокими, ҳамда мутасаддилар муҳокама этилиб ижобий ҳал этиладиган бўлди.  

Мухтасар айтганда, депутатимизнинг бу каби самарали жонли мулоқотлари сайловчиларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилиши баробарида партиямизнинг халқ орасидаги нуфузини ошиб боришида аҳамиятлидир.

Депутатнинг сайловчилари билан мулоқоти давом этмоқда.

 

                                                                                              Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                         Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                    Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+