Депутат мактаб ўқувчиларига стипендия ташкил этди

06.12.2019 21:12:13

Хизмат тақозосига кўра бошқа туманлар қатори Янгиқўрғонга ҳам тез-тез бориб тураман. Ҳар гал ишларни битиргач, шу ердаги ҳамкасблар ҳузурида бўламан. “Янгиқўрғон ҳаёти” таҳририятида ўз ишини пухта биладиган, қалами ўткир журналистлар кўп. Дилором Йўлдошева, Камола Жўрабоева  қатори муҳаррир Дилбар Асқаровани ҳам туманда ҳамма танийди, десам, асло муболаға эмас. Улар билан ўзаро суҳбатда маҳаллий янгиликлардан хабардор бўламан, эски қадрдонларни эслаб, уларнинг яхши фазилатларини ёдга оламиз.

Дилбар Асқаровани таҳририятдагилар ҳар жиҳатдан ҳурмат қиладилар, ундан ўрнак олишга интиладилар. Айниқса, кейинги йилларда унинг ижоди барқ уриб ривожланди. У қаламга олган ҳар бир мавзу ўзининг долзарблиги ва муҳимлиги билан ажралиб туради. Таҳлилга бойлиги, танқидий қарашлар мавжудлиги материалларнинг таъсирчанлигини оширувчи омиллардан саналади.

Жамоатчилик ишларидаги фаоллиги ҳам таҳсинга лойиқ. 2014 йилда халқ депутатлари туман кенгаши депутатлигига сайланганди. Ўтган давр мобайнида кенгашдаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳига ҳам етакчилик қилди. Унинг бевосита ташаббуси билан сессияларда ва доимий комиссия йиғилишларида бир қатор масалалар кўрилдики, натижада ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат бир қадар яхшиланди, айрим муаммолар бартараф этилди.

Яқинда ҳамкасбимиз яна бир хайрли ташаббусга қўл урди. У тумандаги халқ таълими мактабларида ўқийдиган ота-онасиз қолган ўқувчиларнинг энг аълочилари учун ўз стипендиясини ташкил этди. У ҳар чорак якунига кўра умумтаълим мактаблари маъмуриятларининг тавсиясига кўра бериб борилади. Биринчи чорак якуни бўйича стипендиялар эгаларига топширилди ҳам.

Улар икки киши, бири - Асадбек Дадақўзиев, 9-умумтаълим мактабининг 6-“а”  синфида ўқийди. Фанларни яхши ўзлаштиради. Математика ҳамда ўзбек тили ва адабиётига жуда қизиқади. Хулқи намунали, жамоатчилик ишларида фаол. Ундан ўрнак олган Сайфиддин Бобохонов, Жавоҳир Тоштанов, Отабек Абдувалиев каби синфдошлари ҳам аълочилар қаторидан жой олмоқдалар.

Иккинчиси эса – Муҳсинбек Эгамбердиев, 57-мактабнинг 9-синфида ўқийди. У ҳам ота-онаси вафотидан сўнг бувиси қўлида тарбияланади. Кейинги пайтда ҳамма фанлардан “5” баҳога ўқимоқда. Суҳбатлашганимизда, ўқишдан ташқари спортга қизиқишини айтди. Айниқса, футбол ва шахматни яхши кўраркан.

 Дилноза Абдуллаева, Янгиқўрғон туман халқ таълими бўлими мутахассиси:

 – Депутат Дилбар Асқарова бошлаган хайрли ташаббус кенг жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Биз стипендияни биргаликда бориб топширдик. “Адолат” СДП фаоллари, мактаб педагоглари ёнимизда туришди. Бундай ишларнинг тарбиявий аҳамияти ҳам жуда катта. Биз опага миннатдорчилик билдириб, ишларида катта ютуқлар, сиҳат-саломатлик тилаймиз.

 Дарвоқе, шу ўринда сафдошимиз Дилбар Асқарованинг номзоди яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилганлигини айтиб ўтиш лозим. Айни пайтда у аҳоли вакиллари билан учрашиб, ўз сайловолди дастурини кенг тарғиб қилмоқда. Бу борада ҳам партиядошимизга муваффақиятлар ёр бўлишини истаймиз.

     Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон  “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+