Депутат “Мустақиллик дарси”ни ўтди

05.09.2019 11:09:13

Бухоро вилоятидаги таълим муассасалари “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон” шиори остида “Мустақиллик дарслари” билан бошланди. Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Мақсуд Ҳамидов Вобкент туманидаги 18-сон ва 25-сон умумтаълим мактабларида янги ўқув йили бошланиши билан ўтказилган ана шундай тадбирда иштирок этди. Тадбир давомида партия вилоят Кенгаши раиси таълим маскани ўқитувчи ва ўқувчиларини янги ўқув йили билан табриклади.

Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар учун яратилган имкониятлар, таълим тизимидаги ўзгаришлардан сўз очди. Ёшларни Ўзбекистоннинг келажаги, пойдевори ва суянчи эканлигини таъкидлаб, уларда она Ватанга бўлган муҳаббатини кучайтириш, муносиб фарзанд бўлиб улғайишлари мақсадида ҳар бирида ор-номус, миллий ғурур руҳини кенг шакллантириш, баркамол, етук, салоҳиятли бўлишлари лозимлигини тайинлади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 23 август куни ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш масаласига бағишлаб видеоселектор йиғилиши ўтказди. Депутат унда берилган топшириқларнинг ижросига тўхталиб ўтди. Мактабни маънавият ўчоғига айлантириш, мактаб ўқитувчисини миллат ифтихори, миллат ғурури даражасига кўтариш лозимлигини таъкидлади. Депутат айни мана шу видеоселектор йиғилиши моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

- Депутатнинг ташрифи барчамизга ўзгача завқ бағишлади. Айниқса, устозлари, мактаб чоғида бўлиб ўтган бир-биридан қизиқарли воқеа-ҳодисалар билан ўртоқлашгани манзур бўлди. Партиянинг бугунги кундаги фаолияти ҳамда таълим тизимига қаратилган алоҳида эътибор ҳам тилга олинди, - дейди партия фаоли, мактабнинг собиқ битирувчиси Гулсара Тошева.

Қувонарлиси, жорий йилда 18-сон умумтаълим мактаб битирувчиларининг 20 нафар, 25-сон умумтаълим мактабнинг 22 нафар ўқувчилари Республикамизнинг нуфузли олий ўқув юртларига кириб, талабалик бахтига муяссар бўлишди.

Тадбирда депутат 10-11-синф ўқувчилари билан суҳбатлашар экан, уларнинг орзулари ва келажакдаги мақсадлари билан ўртоқлашди. Шу билан бирга таълим масканида  ўқувчи-ёшлар, ўқитувчилар учун яратилган шароитлар ҳамда имкониятлар билан яқиндан танишди. Ўзининг фикр, таклифларини билдириб, йил давомида уларга омад ва зафарлар ёр бўлишини тилади.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+