Депутат ўз ҳисобидан бир километр йўлни таъмирлади

04.10.2019 19:10:13

Мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик ишлари қизғин паллага кириб бормоқда. Жойларда сайлов участкаларини ушбу муҳим сиёсий жараёнга тайёрлаш, депутатликка номзодлар томонидан сайловчилар билан учрашувга ҳозирлик кўрилаяпти.

Ҳақиқатдан ҳам мазкур воқеанинг мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим ва аҳамиятли эканлигини эътироф этиш керак. Биз депутатлар шуни ҳисобга олиб, партия фаоллари билан ҳамкорликда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги Сайловолди дастурини омма орасига кенг тарғиб этаяпмиз. Шундай аҳоли билан юзма-юз мулоқот 27-умумтаълим мактаби тадбиргоҳида бўлиб ўтди. Унда Кўктош, Хумо маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси иштирок этди. Ушбу учрашувда ўзим партиямизнинг янги Сайловолди дастури, мақсад ва вазифалар, хусусан, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, Ўзбекистонда адолатли фуқаролик жамиятини қуриш, одамларнинг тинчлиги ва миллий ҳамжиҳатлигини таъминлаш, фаровонлигини ошириш учун белгилаб олинган вазифалар ҳақида кенг тушунча бердим. Фуқаролар ўзларини қизиқтирган Сайловолди дастур лойиҳаси юзасидан саволлар билан мурожаат қилишди. Уларнинг мурожаатлари, бизга тўғридан-тўғри берган саволларига фаолларимиз билан биргаликда жавоб қайтардик. Учрашувдан сўнг мен аҳоли хонадонларига ташриф буюрдим.

Дарвоқе, мен юқорида тилга олиб ўтилган маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан жорий йилнинг 16 июль куни учрашув ўтказганимда фуқаролар Замира Рўзиқулова ва Барно Бегматовалар тадбиркорлик билан шуғулланиш иштиёқи борлигини, кредит олишда ёрдам беришимни илтимос қилишган эди. Уларнинг мурожаатларига асосан “Агробанк”нинг туман филиалидан Замира Рўзиқулова ва Барно Бегматоваларнинг ҳар бирига 7 миллион беш юз минг сўмдан жами 15 миллион сўм кредит олишларига кўмакдош бўлган эдим.  Куни кеча уларнинг хонадонларига ташрифимдан жуда ҳам мамнун бўлдим. Улар кредит эвазига аллақачон паррандачиликни йўлга қўйиб, аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшишаётган экан.

Депутатлик гуруҳимиз аъзолари томонидан амалдаги йилда маҳалла, қишлоқларда одамларни ўйлантираётган жумбоқлар, аниқланган муаммоларга ечим топиш мақсадида мутасадди ташкилотларга 12 та депутатлик сўровлари юборилиб, шундан 8 таси ижобий ҳал этилди. Қолган депутатлик сўровларида кўрсатиб ўтилган камчиликлар бўйича ҳамкорликдаги саъи-ҳаракатлар давом этмоқда.

Мен депутатлик гуруҳимиз аъзолари томонидан амалга оширилаётган хайрли амаллар, ташаббуслар хусусида тўхталиб ўтмоқчиман. Жорий йилнинг 16 апрель куни Шўрқудуқ сайлов округидан сайланган депутат Мирзамурод Жумановнинг бевосита ташаббуси ва ўзининг 3 миллион сўм маблағи ҳисобига Шўрқудуқ қишлоғидаги бир километр ички йўлга шағал тош тўктирилиб таъмирланди. 2019 йил 12 август Қурбон ҳайити ва мустақиллигимизнинг 28 йиллиги олдидан Мирзамурод Жуманов ўз маблағи ҳисобидан кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган 10 оилага 1500 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари улашди.

23 май куни “Янгиқурилиш” МФЙ хонадонлари аҳолиси билан юзма-юз мулоқотда бўлганимда фуқаролар номидан Роҳат Очилова ички йўллар таъмирталаблиги ва бандлик масаласида муаммолар борлигини маълум қилган эди. Аҳолини қийнаб келаётган ушбу камчиликни бартараф этиш учун туман пудрат таъмирлаш фойдаланиш корхонасига депутатлик сўрови юборган эдим. Ушбу сўровимга асосан корхона томонидан ички йўллар тўла таъмирланди. Аҳоли билан мулоқотда Зокир Жўраев иссиқхона қуриш учун кредит олишда ёрдам сўраган эди. Унга ҳам “Агробанк”нинг туман филиалидан 10 миллион сўм имтиёзли кредит олишида ёрдам берган эдим. Шу кеча-кундузда Зокир Жўраев иссиқхона ташкил этиб, қишда ҳам ёздагидек аҳоли дастурхонини тўкин қилиш учун помидор, бодринг етиштирмоқда.  

“Янгиқурилиш” МФЙда яшовчи Асад Авлаёров менга 2019 йил 10 июнь куни ишга жойлашиб олишида ёрдам беришимни сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаатига асосан мен туман бандликка кўмаклашувчи марказ раҳбари Абдулла Сафаровга депутатлик сўрови юборган эдим. Шунга асосан Асад Авлаёров туман ободонлаштириш бўлимига 2019 йил 8 июль куни ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, депутатлик гуруҳимиз аъзолари  томонидан мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Галакал қишлоғида яшовчи Парда Темиров, Абдували Ражабов, Собир Ёқубов каби 20 нафар фуқаролар бандлигини таъминлаш учун туман “Агробанк”, Халқ банки ва Микрокредитбанкдан оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун кредит олиб берилди.

Депутат Суяр Маҳмарасулов саъй-ҳаракати ва ташаббуси билан Чиял ҳудудидаги Аннаруз, Оқтўнли, Тукмор, Қозоқ, Ғаллакор, Уймовут каби 10 та қишлоқнинг 12 километрлик йўлларига шағал тўктирилиб, ҳашар йўли билан таъмирланди. Кўктош қишлоғидаги 4 километрлик, Чағаноқ қишлоғидаги 2 километрлик ички йўллар шу кеча-кундузда мутасадди ташкилотлар томонидан таъмирланаяпти.

Аҳолининг мурожаатлари асосида депутатлик гуруҳимиз аъзолари билан сентябрь ойида ўрганганимизда “Умакай” МФЙнинг 20 километрлик ички йўлининг 10 километри тупроқли, 2 километри эса тош тўкилган, 8 километри эса асфальт йўлдан иборатлиги маълум бўлди. “Араббанди” МФЙда эса 60 километр ички йўл мавжуд бўлиб, шунинг 7 километрига шағал тўкилган, 3 километри эса асфальтланган, қолган 50 километри  тупроқ  йўллардан иборат эканлиги аниқланди. Депутатлик гуруҳимиз аъзолари аҳолининг эътирозлари ҳақли эканлигини инобатга олиб, иккала қишлоқ йўлларини таъмирлаш сира ҳам кечиктириб бўлмайдиган вазифа, деган хулосага келдилар ҳамда бу муаммони тез фурсатда бартараф этиш учун ҳозир халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясига масала тайёрлаяпмиз.

Президентимизнинг 2019 йил 27 июндаги ПФ-5466- сонли Фармони ижросини таъминлаш юзасидан “Ёшлар - келажагимиз” давлат дастурининг туманда бажарилишини жорий йилнинг апрель ойи бошида ўргандик. Мутасадди ташкилотлар билан жамоатчилик тартибида ўрганиш жараёнида ижобий ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланди. Шунга асосан 18-апрель кунидаги халқ депутатлари туман Кенгашининг Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутатлик гуруҳи йиғилишида  “Ёшлар - келажагимиз” жамғармасининг  туман филиали раҳбари Санжар Бобоқулов ҳисоботини эшитдик. У депутатлик гуруҳимиз йиғилишидаги нутқида ўтган йили дастурга асосан 3 нафар ёш тадбиркорга 21,2 сўм имтиёзли кредит ажратилганини қайд этди ва 33 нафар ёшлар иш билан таъминланганини таъкидлади. Шу билан бирга у жорий йил учун 2 нафар ёш тадбиркорларга 14614,0 миллион сўм кредит ажратиш мақсадида манзилли рўйхат шакллантирилган бўлиб, бунинг натижасида 10 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 ноябрдаги 962-сонли “Ёшлар - келажагимиз” давлат дастури доирасида давлат хусусий шериклик шартларида “Yosh tadbirkorlar”  коворкинг марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибидаги низом асосида туманда 2019 йилда “Yoshlar mehnat guzari” қуриш истагини билдирган 25 нафар ёш тадбиркорларга туман ҳокими томонидан ер майдонлари ажратиб берилган.

Умуман олганда, биз депутатлар униб-ўсиб келаётган ёш авлод янги замон кишиси эканлигини ҳис қилиб, ёшлар билан алоҳида шуғулланяпмиз. Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган бешта ташаббус доирасида ёшларнинг орзу-интилишларига монанд билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари ва энг асосийси, уларнинг бандлигини таъминлашга эътибор қаратаяпмиз.

Депутатлик гуруҳимиз аъзолари Президентимизнинг 2019 йил 21 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисидаги нутқидан келиб чиққан вазифалар асосида ишни ташкил этдик. Жойларда фуқаролар билан тез-тез учрашувлар уюштириб, уларнинг муаммоларини маҳаллалар ҳамкорлигида тегишли ташкилотлар кўмагида ижобий ҳал этаяпмиз. Бу эса одамларнинг “Адолат” СДП депутатларига бўлган ишончини янада ошираяпти.

Ўйлайманки, бу йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга халқимиз янада фаоллик кўрсатади. Биз партия фаоллари айни кунларда шунинг учун ҳам ташаббускорлик, фидойилик, жонбозлик билан одамлар ишончини оқлашга ҳаракат қилаяпмиз.

                                                                  Собир  АҲМЕДОВ, 

                                        Халқ  депутатлари Чироқчи туман Кенгашидаги

                                                  Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи

                                                  раҳбари

Улашинг!