Депутат қабули: муаммони биргаликда ҳал қиламиз

04.03.2020 14:03:48

Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутати, ижтимоий – маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари доимий комиссияси аъзоси Бунёд Ахмадалиевнинг илк депутатлик қабули ўтказилди.

 Шаҳарнинг “Тинчлик”, “Гулистон” ҳамда “Бўстон” МФЙ ҳудудлари фаоллари ва аҳолиси Ўзбекистон "Адолат" СДП Фарғона шаҳар Кенгаши билан ҳамкорликда партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида тузилган ишчи гуруҳ  қабулида бўлдилар.  Муаммолар айтилди,  улар ҳал этилса, аҳоли учун қанчалик фойда бўлиши, болалар  ва кексаларга қулайлик яратилиши  бот-бот таъкидланди. Ёш депутат  ҳам  ўз ўрнида  муаммоларнинг сабаблари  ва бевосита аҳолининг аҳиллиги даркорлигини  билдирди.

– Ҳар бир ҳудуднинг муаммосини ўша ерда истиқомат қилаётган аҳолисичалик ҳеч ким  яхши билмайди.  Муаммоларимизни бизга четдан келиб ҳал қилиб бермайдилар.  Бирлашсак, кўзлаган мақсадимизга эришамиз, – деди депутат ўз сўзида.

Жумладан, фуқаро Ш.Набиев томонидан чорвачилик бўйича имтиёзли кредит олишда бир қатор тўсқинликлар бўлаётганлиги сабабли депутатга қилган мурожаати натижасида шаҳардаги тижорат банкига депутат сўрови   чиқарилди. Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан 4Р-143-“Фарғона-Қувасой” автомобиль йўлининг Қувасой ва Мурувват кўчалари туташган чорраҳани очиш бўйича аризалар 2020 йилнинг иккинчи чорагида мазкур ишлар амалга оширилиши бўйича депутат томонидан назоратга олинди.

Шунингдек, коммунал ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги камчиликлар, оилавий ажрим масалалари, йўл қурилиши, болалар спортини ривожлантириш бўйича ёзги мини-футбол майдончасини қуриш, ижтимоий соҳа объектларини қайта реконструкция қилиш, ички йўлларда тезликни чекловчи белгиларни ўрнатиш ишларини қайта кўриб чиқиш ва бошқа масалалар бўйича  мурожаатлар ҳам эътибордан четда қолмади.  

Ушбу масалаларни ҳудуддаги корхона, ташкилот, муассасалар билан доимий ҳамкорликда Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг доимий комиссияларида, Кенгаш сессиялари ҳамда давлат дастурларига киритиш орқали амалга ошириш талаб этилади.  

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  Олий Мажлисга Мурожаатида депутатларнинг сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда уларни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарурлиги таъкидланган.

 

 Камола ПОЛВОНОВА,

Ўзбекистон "Адолат" СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот  котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+