Депутат “Саховат ва кўмак” ҳаракатининг Қибрайдаги ижросини назорат қилди

21.05.2020 11:05:49

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Гулнора Аҳмедова Қибрай туманида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг бориши, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашда, уларга ёрдам кўрсатишда манзилли ҳамда ошкоралик таъминланган ҳолда амалга оширилишини ўрганди.

Аввало, Қибрай тумани ҳокимлигида ташкил этилган “Саховат ва кўмак”  штабига кириб,  эҳтиёжманд оилаларга шакллантирилган 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва рўйхатига оид ҳужжатлар кўриб чиқилди. Сўнгра маҳаллаларга бориб, ҳақиқатдан ҳам эҳтиёжманд оилаларга манзилли етиб борилгани ўрганилди.

 Халқ вакили ўзи сайланган округ аҳолиси томонидан келиб тушган мурожаат юзасидан туманнинг Байтқурғон қишлоғи, “А.Навоий” маҳалласи, Шабнам кўчасида истиқомат қиладиган  фуқаро Н.Исламова хонадонида бўлди. Унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, боқувчиси йўқлиги, чала битган уйда яшаётгани ва ўзи ҳеч қаерда ишламаслиги аниқланди. Ушбу хонадонга “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари етказилгани  маълум бўлди. Шунингдек, депутат А.Шамсиев раҳбарлигидаги “KARVON TEX” хусусий корхонасига бориб, шу жойнинг ўзида фуқаро Н.Исламовага иш топди ва эртадан ишга чиқиши келишиб олинди.

Шу куннинг ўзида  депутат Қибрай тумани ҳокимлигининг маъмурий биносида депутатларга ажратилган махсус хонада туман ҳокими Мираъзам Миркасимов билан ҳам учрашиб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида туманда олиб борилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Тошкент вилояти Кенгаши  матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+