Депутат - сайловчи олдида ҳисобдор

25.07.2020 20:07:08

Ҳар бир депутат ўзига ишонч билдириб, вакиллик органига сайланган фуқоролар манфаатини ҳимоя қилади. Шунинг учун ҳам у аралашмайдиган, депутатнинг ваколат доирасига кирмайдиган масала йўқ.

Айни кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020-йил 14-июль куни видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда тезкор ва фаол иш олиб боряпмиз. Ўзбекистон «Адолат» СДП Қарши шаҳар Кенгаши фаоллари билан Президентимиз алоҳида қайд этганларидек, коронавирус пандемияси шароитида ишлашга мослашишга иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга ва белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилишга даъват этяпмиз. Одамларнинг дардига шерик бўлиш, оғирини енгиллаштириш, уларни рози қилиш учун барча чора-тадбирларни кўряпмиз. Ҳозирги карантин даврида Президентимиз алоҳида таъкидлаб ўтганларидек, бу офатга қарши вакцина яратилмагани учун барчамиз шароитдан келиб чиқиб иш юритишимиз, ўзимизни ҳимоя қилишимиз ҳақида тушунтиряпмиз. Ўз ҳудудимиздаги аҳоли хонадонларига тез-тез ташриф буюриб, фуқороларни қизиқтирган саволларга жавоб беряпмиз. Ўйлантириб келаётган мумаммоларни ҳал этишга кўмаклашяпмиз. Партиямиз дастурий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида кенг жамоатчиликни бохабар этяпмиз.

«Саховат ва кўмак» умумхалқ харакати доирасида депутатлик гуруҳимиз аъзолари шаҳримиздаги 115 та кам таъминланган, ўзгалар ёрдамига мухтож оилаларнинг ҳар бирига икки юз минг сўмгача кўмак кўрсатдик. Ойлик доирасида 20 миллион сўмдан ортиқ саккиз турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди. Айни карантин кунларида бу каби хайрли ва савобли ишларимизни давом эттиряпмиз.  Куни кеча гуруҳимиз аъзоси Ҳаққул Ишимов «Махаллот» МФЙдаги 18 та эҳтиёжманд кўп болали оилаларга ўз ҳисобидан ун, ёғ, шакар, гуруч ва бошқа зарур маҳсулотларни Маҳалла ва оилани қуллаб қувватлаш вазирлигининг шаҳар бўлими хамкорлигида жорий этилган тартиб-қоидаларга амал қилган холда тарқатди. Жами икки миллион сўмдан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари меҳр-мурувватга мухтож оилаларга етказилди.

Президентимизнинг 2020-йил 14-апрель куни видеоселектор йиғилишидаги кўрсатмасига асосан шаҳримиз аҳолисини томорқадан самарали фойдаланишга даъват этиб келдик. Натижада депутатларимиз ва шаҳар партия Кенгаши фаоллари саъй-ҳаракати билан 22 хонадонда иссиқхона барпо этилди. 350 дан ортиқ хонадон эгалари эса ўз томорқаларида кўкатлар, картошка, бўлғор қалампири, помидор, бодринг, ошқовоқ, пиёз ва бошқа экинлар экиб, ўз оилаларини бутлашди. Ортганини эса бозор расталарига чиқариб сотишяпти. Юртимизда озиқ-овқат мўл-кўллигига ҳисса қўшишмоқда. Жорий йилнинг 5-июль куни Қарши шаҳридаги «Каманди» маҳалласида умр гузаронлик қилаётган 5 нафар фуқаролар депутатлик гуруҳимизга мурожаат қилишди. Уларнинг арзини обдон ўрганган депутат Алишер Ишназаров хақиқатдан ҳам кам таъминланган оилалар эканлиги ва маҳалладан ёрдам пули олишга ҳақли эканлигини аниқлади.

Айни пайтда эса “Каманди” МФЙдан ёрдам пули олаётган Тоштемирова Зилола, Элмуродова Лобар ҳамда бошқа мухтож оилаларга ёрдам пули ажратилиши йўлга қўйилди. Шу кеча кундузда партиямизнинг тозалик йўлида бирлашайлик лойихаси ҳамда маҳалла  ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан «Обод хонадон», «Обод кўча», «Обод маҳалла» танлови тоирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти. Танловда шаҳримиздаги барча маҳаллалар, оилалар иштирок этиш ва фахрли ўринларни эгаллаш учун ташкилотчилар томонидан белгиланган тартиб қоидаларга амал қилган ҳолда тайёргарлик ишларини олиб боришяпти.

Депутатлик гуруҳимиз аъзоси Алишер Ишназаров ўтган ойда «Каманди» МФЙ хонадонлари аҳолиси билан юзма юз мулоқот ўтгазганида фуқаролар маҳаллага кираверишдаги 350 метрли пиёдалар йўлакчасини таъмирлашда амалий ёрдам сўрашди. Депутат бу муаммони бартараф этиш юзасидан шаҳар ободонлаштириш бошқармасига 5-июнь куни депутатлик сўрови юборган эди. Айни пайтда эса депутат сўровига асосан пиёдалар йўлакчаси таъмирланиб аҳолига қулайлик яратиляпти.

Кези келганда ўз депутатлик фаолиятим ҳақида тўҳталсам. Ҳозиргача ахолидан менинг номимга 55 та мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 45 тасини жойида ижобий ечим топишига эришдим. Қолганлари эса шаҳардаги мутассадди ташкилотлар томонидан бажарилиши учун юборилди ва назоратга олинди. Қолаверса хозирги карантин даврида Президентимиз алоҳида таъкидлаб ўтганларидек энг аввало ишсиз бўлиб қолган фуқаролар ва уларнинг оилаларига ёрдам кўрсатяпмиз. Карантин қоидаларига сўзсиз амал қилган ҳолда хонадонларга ташриф буюриб, фуқароларимизни амалда жорий этилган тартибларга амал қилган холда ишлашга депутатлик гуруҳимиз аъзолари кўмаги билан ҳозиргача 150 нафардан зиёд фуқаролар мавсумий ишларга жалб этилди ва энг асосийси бандлиги таъминланди.

Одамлар онгига карантин қоидаларини чуқурроқ сингдирсак, коронавирусга чалиниш холатлари анча камаяди. Умуман олганда депутатлик гуруҳимиз аъзолари партиямиз электорати манфаатидан келиб чиққан ҳолда аҳоли ишончини оқлашга харакат қиляптилар.

 

Ҳусниддин БЕРДИМУРОДОВ,

Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги

Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+