Депутат сўровига ноаниқ жавоблар муаммо ечимига кўмаклашадими?

01.11.2019 11:11:14

Жойларда муаммоларнинг ечимини топиш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш бугунги кун депутати учун жуда муҳим ҳисобланади. Тўғри, депутат муаммоларни ўрганади, лекин унинг ечими ҳал этилишида биргина ўзи эмас, балки мутасадди ташкилот раҳбарларининг ҳам кўмаги ва ҳамкорлиги жуда муҳим ҳисобланади.

Одатда, депутатлар томонидан халқ мурожаати юзасидан сўров чиқарилса, масъулиятли ташкилот раҳбари фаолиятига ижобий жиҳатдан ёндашиб, муаммони амалий жиҳатдан ҳал этилишига киришиши даркор. Аммо “Беш қўл баробар эмас” деганларидек, барча мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳам бирдек эътибор билан фаолият олиб бормайди. Баъзан сўровга бериладиган турли мазмундаги жавоблар инсонни ўйлантириб қўяди. Масалан, Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутати Ҳамрогул Ашурова 2017 йилнинг 13 мартида “Қалмоқон” МФЙдаги “Қалмоқон”, “Файзулла Хўжаев”, “Истиқлол” кўчаларида истиқомат қилувчи фуқаролар мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда туман ҳокимлигига номи келтирилган кўчаларнинг ички йўлларини таъмирлаш мақсадида сўров билан мурожаат қилган эди. Сўровда эса ушбу ҳудудлар навбат асосида асфальтлаштирилиб берилиши таъкидланган.

Ёки “Зарчабек” МФЙ ҳудудидаги “Зарчабек”, “Фарҳод”, “Тарозидор” каби кўчалари ички йўлларининг аҳволи тўғрисида чиқарилган сўровда берилган жавобда ҳам дастур асосида таъмирлаб берилиши айтиб ўтилган.

Мана, орадан икки йил ўтибди ҳамки, юқорида номи келтирилган кўчалардан фақат “Фарҳод” кўчасининг маълум бир қисмигина таъмирланди, холос. Қолгани эски ҳаммом, эски тос...

Фуқаролар эса ҳали-ҳамон мурожаатда...

Ёзилган жавобдан қандай хулоса чиқариш эса ўзингизга боғлиқ.

Депутат йўл муаммоси юзасидан жорий йилнинг май ойида ҳам Шофиркон туман йўллардан фойдаланиш давлат унитар корхонаси мутасаддиларига сўров билан мурожаат қилгач, улар сўровда жорий йилнинг якунига қадар “Зарчабек” МФЙ “Фарҳод” кўчасининг 1,27 км. қисми, “Зарчабек” кўчасининг 0,8 км. шағал йўлни асфальтлаштириш ишлари амалга оширилиши, шунингдек, ички хўжалик йўлларини 2019-2022 йилларда жорий, тўла ва қайта қуриш учун тузилган дастлабки манзилли рўйхатга “Зарчабек” МФЙ “Тарозидор” кўчасининг 1 км., “Қалмоқон” МФЙ “Қалмоқон” кўчасининг 1,1 км., “Истиқлол” кўчасининг 1 км. қисмларида таъмирлаш ишларини ташкил этиш учун молиялаштириш жараёнлари олиб борилаётганлиги ва тўла молиялаштирилгандан сўнг ички йўллар 2019-2022 йилларда таъмирланишини жавоб сифатида қайд этишган.

Депутатлик сўровларига берилган бу каби жавобларни жуда кўп учратиш мумкин. Аммо буни қандай тушунса бўлади – 2017 йилдаги каби шунчаки депутат ва халқни тинчлантириш учун ёзилган жавобми ёки ҳақиқатдан ҳам келажакда амалий иш олиб бориладими?

Шофиркон туман йўллардан фойдаланиш давлат унитар корхонаси мутасаддилари томонидан ушбу берилган жавоб қоғозда қолиб кетмай, аксинча, вақтида ҳал этилади, деган умиддамиз.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+