Депутат ташаббуси билан чекка ҳудудларда бепул тиббий кўрик ташкил этилди

11.02.2021 14:02:53

Айни кунларда депутатларимиз халқнинг ишончини оқлаш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида жойларда аҳоли билан мулоқотлар олиб бормоқда. Фуқаролар билан юзма юз мулоқотда бўлиб, мурожаатларни жойида ҳал қилиш учун доимий  ҳаракат қилишмоқда.

Хусусан, Халқ депутатлари Музработ туман Кенгаши депутати Муборак Мамадалиева ҳам ўз сайлов округида бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўлди, сайловчилар муаммоларини ҳал қилишга астойдил ҳаракат қилди.

Халқ вакили партия Музработ туман кенгаши ходимлари билан биргаликда тумандаги чекка қишлоқлардан бири – “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди.

Туман марказидан 20 километр олисда жойлашган мазкур ҳудудда 2000 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Юзма юз мулоқотларда маҳалладаги хотин-қизларнинг тиббий кўрикка эҳтиёжи борлиги аниқланди ва депутат ташаббуси билан қишлоқ врачлик пунктида туман тиббиёт бирлашмаси кўмагида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.

Унда 100 дан ортиқ аёллар ва болалар ўз саломатликларини назоратдан ўтказдилар.

  Муборак Мамадалиева, Халқ депутатлари Музработ туман Кенгаши депутати:

– Президентимиз айтганларидек, депутат халқ дарди билан яшаши керак. Шу мақсадда бугун туманимизнинг чекка ҳудуди аҳолиси дардига қулоқ тутдик. Аввалги учрашувларимизда ҳам сайловчилар хотин-қизлар учун тиббий кўрик ташкил этишда ёрдам сўрашганди. Мана, мурожаатга асосан туман Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари ёрдамида аёллар саломатлиги текширувдан ўтказилди. Ўтказилган тиббий кўрик давомида аниқланган касалликлар юзасидан тиббий маслаҳатлар берилди. Сурункали касаллиги бор 10 га яқин аёлларимизга бепул даволаниш учун шифохоналарга йўлланма берилди. Яна шунингдек, маҳаллада яшовчи Г.Нуриддиновага ногиронлиги туфайли қайта тиббий кўрикдан ўтказилиб, ногиронлик гуруҳига чиқишига амалий кўмак кўрсатилди.

Дилафрўз РАҲМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+