Депутат ташаббуси билан ички йўллар муаммоси ҳал бўлди

10.03.2020 17:03:36

Халқимизнинг “Йўл созлаш — савоб” деган пурмаъно нақли замирида ҳаёт ҳақиқати мужассам, десак, муболаға бўлмайди. Негаки, кичик бир йўл ёки кўприк бунёд этилиши туфайли қанчадан-қанча одамлар мушкули осонлашиб, манзили яқинлашади. Айни кунда носоз йўлларни созлаш, айниқса, қишлоқлардаги таъмирталаб йўллар, ички йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари жадал суратларга кирганлиги эътирофга лойиқдир. Айниқса, бу борада депутатларимиз томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилаётганлиги эса қувонарли ҳолдир.

Хусусан, Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати Чори Муратов ҳам ана шундай савобли ишга бош қўшган депутатларимиздан биридир. Унинг ташаббуси билан тумандаги “Қорахон” МФЙдаги 1,5 километр узунликдаги ички йўлларга тош ётқизилди.  Депутат Чори Муратовнинг  аҳоли ўртасида ўтказилган учрашув ҳамда мулоқотларида ушбу мавзу хусусида фикр юритилиб, аҳолини қийнаётган – қишда лой, ёзда чанг кўчалар нафақат пиёдалар балки автомобиль қатнови учун ҳам жуда ноқулайлик туғдираётганлиги хусусида мурожаатлар бўлган эди.

Депутат мазкур мурожаатларни ўрганиб “Денов йўлқурилиш”корхонаси раҳбариятига депутатлик сўрови юборди. Мутасаддилар томонидан депутат сўровига жавобан тош ётқизиш ишлари тезда ҳал бўлиши билдирилиб, айтилганидек, тез орада муаммо барҳам топди.

Абдуваҳоб Абдурасулов, “Қорахон”МФЙ раиси:

— Бизнинг “Қорахон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган  ҳудуд ички йўлларига аввал яхши таъриф бериш мушкул эди. Ҳудудимизда 2 ярим мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ички кўчалардаги ўйдим-чуқур йўллар йўловчию ҳайдовчига бирдек ноқулайлик туғдирарди. Аҳвол қор-ёмғирли кунларда, айниқса, оғирлашарди. Балчиқ сувдан қочган киши чуқурга ёки аксинча, чуқурни айланиб ўтишга уринган киши сувга тушиши аниқ эди.  Мана бугун кўчаларимиз обод бўлди. Маҳалладошларимизнинг қувончи чексиз. Оғиримизни енгил қилиб, йўлларимизни равон бўлишига ҳисса қўшган депутатимизга чексиз миннатдорчилигимизни билдирамиз.  

Йўллар манзилларни-манзилларга туташтирувчи муҳим воситадир. Қишлоқлардаги ички йўлларни таъмирлашга жиддий эътибор, ҳудудларни ободонлаштириш, йўловчи ва ҳайдовчиларга бирдек қулайлик яратиш, одамларнинг мушкули осон, турмуш даражаси эса янада фаровон бўлишига хизмат қилади, албатта.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+