Депутат ташаббуси билан ички йўллар таъмирланди

20.11.2020 09:11:48

Айни кунда носоз йўлларни созлаш, айниқса, қишлоқлардаги таъмирталаб йўллар, ички йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари жадал суратларга кирганлиги таҳсинга сазовор. Айниқса, бу борада депутатларимиз томонидан олиб борилаётган савобли ишлар эътирофга лойиқ. Ана шундай савоб ишларга бош қўшаётган халқ ноибларидан бири Халқ депутатлари Музработ туман Кенгаши депутати Жамшид Амановдир. У зиммасидаги масъулиятни яхши англаган ҳолда бир неча йиллардан буён туман аҳолисини қийнаб келаётган бир қанча муаммоларини ўрганиб, савобли ишларни мунтазам бажариб келаётган фаол депутатлардан бири саналади. Депутат фаолияти давомида аҳоли билан учрашувларда “Меҳнатобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи  аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири – таъмирталаб ички йўллар муаммосини ҳал этиб берди. Қувонарлиси шундаки, депутатимиз мазкур маҳалладаги 500 метр узунликдаги ички йўлларга тош ётқизиб, маҳалла аҳлига қулайлик яратиб берди. 

Айтиш жоизки, тумандаги “Меҳнатобод” маҳалласида 1000 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳолиси ёзда чанг, қишда лой кўчалардан юришга қийналишар, айниқса, мактаб болаларига бу анча ноқулайлик туғдирар эди. Аҳоли бу хусусда мутасаддиларга бир неча бор мурожаат қилишган бўлсалар-да мурожаат ижобий натижа топмаган эди. Депутат Ж.Амановнинг аҳоли билан юзма юз мулоқотлари давомида фуқаролар томонидан мазкур муаммони ҳал қилиб беришни сўраб мурожаат бўлган эди. Депутатимиз муаммони ўрганиб дарҳол туман “Ободонлаштириш” корхонаси мутасаддилари билан ҳамкорликда муаммога амалий ечим топди. Депутатимизнинг хайрли иши - маҳалла аҳлининг оғирини енгил қилгани маҳалладошлар қувончига қувонч  қўшди.

Абдукарим Ҳақбердиев, “Меҳнатобод” МФЙ фуқароси:

— Бизнинг “Меҳнатобод” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган  ҳудуд ички йўлларига аввал яхши таъриф бериш мушкул эди. Ҳудудимизда мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ички кўчалардаги ўйдим-чуқур йўллар йўловчию ҳайдовчига бирдек ноқулайлик туғдирарди. Аҳвол қор-ёмғирли кунларда, айниқса, оғирлашарди. Мана бугун кўчаларимиз обод бўлди. Маҳалладошларимизнинг қувончи чексиз. Оғиримизни енгил қилиб, йўлларимизни равон бўлишига ҳисса қўшган депутатимизга чексиз миннатдорчилигимизни билдирамиз.  

Шунингдек, Халқ билан мулоқот даврида депутатимиз тумандаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ғамхўрлик, меҳр-мурувват кўрсатиш, аҳоли фаровонлиги, тинчлиги ва тотувлиги таъминлашдек хайрли ишларда ўзининг беминнат ёрдамини аямай келмоқда. Бундай хайрли ишларда депутат Жамшид Амановнинг ҳамиша бош–қош бўлаётганлиги партиямизнинг ҳам мавқеи баланд бўлишида катта аҳамият касб этади.

Йўллар манзилларни-манзилларга туташтирувчи муҳим воситадир. Қишлоқлардаги ички йўлларни таъмирлашга жиддий эътибор, ҳудудларни ободонлаштириш, йўловчи ва ҳайдовчиларга бирдек қулайлик яратиш, одамларнинг мушкули осон, турмуш даражаси эса янада фаровон бўлишига хизмат қилади, албатта.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+