Депутат томорқа билан боғлиқ муаммоларни ижобий ҳал қилди

08.05.2020 17:05:11

Ҳозирги пандемия шароити бутун дунё иқтисодиётига жиддий зиён етказди. Таҳлилларга кўра 1.6-2 миллиард одам пандемия туфайли доимий даромадини йўқотмоқда. Аммо коронавирус инфекциясини тарқалиш жараёни сўнгги ҳафтада бироз секинлашди. Бугун дунё давлатлари олдида иқтисодий инқироздан ташқари озиқ-овқат масаласи ҳам устувор бўлиб турибди.

Мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекцияси аниқланган дастлабки кунданоқ унинг кенг тарқалишининг олдини олиш баробарида аҳолини пандемия даврида сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган ҳар бир ҳукумат даражасидаги йиғилишларда ҳам бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар чуқур таҳлил этилди.

Ўзбекистон шароитида аҳолимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда аҳоли томорқаси энг муҳим бўғин ҳисобланади. Шукрки, бугун мамлакатимизда истиқомат қилаётган 60 фоиздан ортиқ аҳоли ўз томорқасига эга. Шу боисдан бугун аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш, аҳолига сифатли уруғ ва кўчат маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда томорқаларни суғориш тизимини тўғри йўлга қўйиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Бу каби ташаббусларда Ўзбекистон “Адолат” СДП сафидаги мингга яқин депутатлар ҳам ўз сайлов участкаларидаги аҳоли хонодонларида бўлиб, томорқадан унумли фойдаланиш борасида тегишли тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Жумладан, куни кеча халқ депутатлари Арнасой туман кенгаши депутати Фаррух Абдуҳамидов тумандаги “Бобур” МФЙ ҳудудидаги Ўрикли, Бобур, Ибн Сино ва Н.Холмуродов кўчаларида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларига ташриф буюрди. Томорқадан унумли фойдаланиш, бугун ўз вақтида экилган экин оила бюджетига қўшимча даромад келтириши бўйича суҳбатлар ўтказди.

Мулоқотлар жараёнида сайловчилар томонидан бир қатор муаммолар ҳам ўртага ташланди. Н.Холмуродов кўчаси аҳолисида бугунги кунда томорқадан унумли фойдаланиш имконияти бўлса ҳам экинларни суғориш учун оқар сув йўқлиги сабаб экилган экинлар қуриб қолаётганлиги айтилди. Депутат ушбу масалани ижобий ҳал этиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, шу кунинг ўзида туман Ободонлаштириш бошқармасига мавжуд муаммонинг ижобий ҳал этилиши юзасидан депутатлик сўрови чиқарди.

Шунингдек, депутат ҳозирги пандемия шароити туфайли кундалик даромадидан айрилган бир қатор хонадонларга ўз ҳисобидан зарур озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+