Депутат ёрдами билан газ шаҳобчаси қурилди

04.11.2019 17:11:15

Қиш мавсуми бошланиши билан иссиқ уйларга эхтиёж сезамиз. Шу боисдан, халқимиз қишга тадорик кўриш асносида хонадонларини иссиқ тутадиган иситиш мосламаларини ҳаракатга келтиришади. Бахт шаҳар аҳолиси ҳам мана бир йилдирки, мавсумда қийналмасдан иссиққина уйларда истиқомат қилишмоқда. Ёз фаслларида эса ўтин, хас-хашак, кўмир каби ёқилғи воситаларидан фойдаланишга ҳожат қолмай, хонадон бекалари тайёргина газ баллонлар хизматидан баҳраманд бўлишмоқда. Қандай қилиб дейсизми?

Бундан икки йил илгари Бахт шаҳар аҳолиси табиий газ босими камайиб кетганлигидан, айниқса, қишки мавсумда қийналишарди. Шаҳар ва унинг ҳудудларини табиий газ билан таъминловчи “Малик” ГТСдан Бахт шаҳригача диаметри 300 мм.ли газ қувурларининг қариийб 6 км. узунликдаги қисми мунтазам 30 йиллардан буён фойдаланилаётганлиги туфайли чириб, тешилган жойларидан кирган сизот сувларига тўлиб қолган эди. Шунинг учун  мазкур газ қувурлари капитал таъмирланишга мухтож бўлган. Бунинг учун ер ости газ қувурларини ер устига чиқариш ва таъмирталаб жойларини таъмирлаш, алмаштириш жойларини янгилаш зарур эди. Агар ушбу ишлар амалга оширилганида берилаётган табиий газ аҳоли эхтиёжини тўлиқ қоплаган бўларди.

Бундан ташқари кўчалардаги ва кўчадан хонадонларга тортилган газ қувурлари ҳам эскирган, аҳоли кўпайиши сабаб уларнинг газ ўтказиш қобилияти эхтиёжни тўлдира олмаётганди. Хонадонларга ўрнатилган газ ҳисоблагичлар газ босими камлигидан носоз аҳволга келиб қолганлиги аҳоли билан газ таъминоти корхонаси ўртасида эҳтиёжга сарфланган газ тўлови масаласи бўйича тушунмовчилик ва келишмовчиликларни келтириб чиқараётганди. Шунинг учун хонадонларга янги типдаги газ ҳисоблагичлар газ корхонаси томонидан ўрнатилиб, унинг назорати корхона мутахассислари зиммасига юкланиши мақсадга мувофиқ эканлиги Ўзбекистон “Адолат” СДП дан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати С. Элмуродов томонидан айтиб ўтилганди.

Шунингдек, газ босими камлиги сабабли, табиий газ етиб бориши қийин бўлган “Янги ҳаёт”, “Истиқлол”, “Ўзбекистон” сув истеъмолчилари уюшмалари ҳамда “Навоий”, “Тадбиркор” маҳаллалари, “Улуғбек”, “Абай” кўчалари хонадонларининг ҳар бирига суюлтирилган газ билан тўлдирилган баллонлар етказилган. Депутатни қийнаган муаммо эса ушбу жойларга газ баллонларини сақлаш, тарқатиш ва сервис хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилмаганлиги бўлди. Асосий масала суюлтирилган газ Бахт шаҳрида тайёрланмаслиги боис шаҳар ахолиси учун йўл сарф-ҳаражати ва оворагарчилигидан анчагина ноқулайликларни келтириб чиқарадиган Гулистон шаҳридан ташиб келтирилаётганлигида эди.  

Юқорида қайд этилган барча масалалар бўйича депутат С.Элмуродов Сирдарё вилоят ҳокимлигига депутатлик сўрови киритган. Шунингдек, депутатлик сўровида 2014 йил 13 июлдаги қарор билан 0,50 га ер майдони ажратилиб, тегишли ҳужжатлар тайёрланганлигига қарамай, қурилиш ишлари бошланмаганлигини сабаб қилиб келтирган.

Ниҳоят ҳаммаси бир бўлди-ю, вилоят ҳокимлиги тарафидан ушбу муаммолар бўйича депутатлик сўрови ижобий кўриб чиқилди ва ҳал этилди. Жорий йил бошидан эса Суюлтирилган углеводород газ тўлдирилган газ баллонларни сақлаш ва тарқатиш 3 сонли туманлараро газ таъминоти Сирдарё ҳудудига қарашли Бахт шаҳри сервис маркази қуриб битказилиб, халқ учун беминнат хизмат кўрсатиб келмоқда.

Албатта, бу каби амалий ишларнинг бажарилаётганлиги халқимиз ҳамда уларнинг хизматидаги депутатларни беҳад қувонтирмоқда. 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+