Депутат ёшларнинг фикрини ўрганди

25.02.2020 10:02:39

Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Гулчеҳра Равшанова Бухоро нефт ва газ саноат касб-ҳунар коллежида  бўлиб, ёшлар билан учрашди. Шунингдек, тадбирда Халқ депутатлари Бухоро шаҳар ва вилоят Кенгашининг бошқа бир қатор депутатлари ҳам иштирок этиб, ёшларнинг таклифлари, уларнинг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Депутат Гулчеҳра Равшанова дастлаб партиянинг сайловолди дастурига тўхталиб ўтди. Хусусан, унда ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, таълим олиш ва унинг сифатини ошириш стратегиясини қабул қилиш, амалдаги қонунлар, қарорлар, кўрсатмалар ва бошқа меъёрий ҳужжатларни тизимлаштирган ҳолда “Таълим тўғрисидаги кодекс”ни қабул қилишни таклиф этилганлиги ва истиқболда бутун таълим жараёнини мувофиқлаштирувчи ягона ҳуқуқий тизимнинг яратилишига эътибор қаратилганлиги таъкидланди.

Учрашув давомида ёшлар бир қатор таклифлар билан чиқишди, жумладан, партия тизимида ёш ва бўлажак депутатлар билан ишлаш тизимини йўлга қўйиш, жойларда ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида семинар-тренингларни самарали ташкил этиш, сиёсий фаоллиги юқори бўлган қизларни қўллаб-қувватлаш масалалари илгари сурилди.

Тадбир давомида шунингдек, депутатлар мамлакат раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномаси мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам гапириб ўтди. Айниқса, илм-маърифатга қаратилаётган эътибор, рақамли технологияларни кенг жорий этиш масалалари алоҳида қайд этилганлиги таъкидланди.

Жойларда бўлиб ўтаётган бу каби учрашувлар ёшларнинг фаоллигини ошириш баробарида депутатларнинг ўз фаолиятларига масъулият билан ёндашишларида хизмат қилади.

Юсуф САЛОМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+