Депутатга коммунал хизматдан шикоят тушди

02.03.2020 10:03:55

Февраль ойининг охирги кунларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказдилар. Жумладан, парламентдаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов  Наманган шаҳридаги қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли вакиллари билан мулоқотлар олиб борди. Тадбирлардан бири “Сиҳатгоҳ” маҳалласида бўлиб ўтди.

Учрашувда мамлакатда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш билан бирга аҳолини қийнаб келаётган бир қатор муаммолар ўрганилди ва уларнинг ечимлари изланди. Депутат ўз сўзида энг аввало, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида олға сурилган фикрлар ва амалга оширилиши лозим вазифаларга тўхталди. Ҳамма учун дастуриламалга айланган мазкур ҳужжат жамият ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлганлиги таъкидланди. Айни пайтда  фуқаролар ўз муносабатларини билдириб, мамлакат тараққиётини янги, янада юқори босқичга кўтариш учун барча бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиши лозимлигини таъкидладилар.

Саидолим Абдураҳмонов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгаши раиси:

– Депутатни бежиз халқ билан давлат ўртасидаги кўприк деб аташмайди. Бу галги учрашувларда ҳам мазкур жиҳат яққол намоён бўлди. Парламент аъзоси фракция ва ўзининг фаолияти тўғрисида батафсил ахборот берди. Айниқса, қонун ижодкорлиги соҳасида олиб борилаётган ишлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Бунда аҳолининг партиямиз ўзининг сайловолди дастурида олға сурган масалаларни қандай ҳал этаётганлигига қизиқиши кўзга ташланди. Назаримизда, кўпчилик фракция аъзоларининг фаолиятидан мамнун бўлди.

Албатта, Қонунчилик палатаси депутати  ўзаро мулоқотнинг каттагина қисмини аҳоли талаб-истакларини ўрганишга бағишлади. Билдирилган фикрлардан келиб чиққан хулоса шундай бўлдики, одамлар турмуш фаровонлиги муттасил ўсиб бораётганлигидан хурсанд. Бироқ айрим соҳаларда ҳал этилишини кутиб ётган муаммолар  йўқ эмас. Бу ўринда гап қандайдир шахсий манфаатга йўналтирилган ҳолатлар ҳақида эмас, балки кўпчиликка дахлдор муаммолар ҳақида бораётганини қайд этиш лозим.

Фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан  фикрлар билдирдилар. Жумладан, маҳалла фаоли Одинахон Пўлатова эътиборни ҳудуддаги кўп қаватли уйларда коммунал хизматлар намунали ташкил этилмаётганига қаратди. Ҳозир ҳам ҳаво исиб қолганига қарамай, кунига етти-саккиз соатдан электр таъминоти бўлмаяпти. Ичимлик суви етказиб беришда ҳам узилишлар бор. Булар албатта, фуқароларнинг ҳақли эътирозини келтириб чиқармоқда.

6-Гўзал кўчасида яшовчи Нодира Исроилова ҳудуддаги ички йўлларнинг ҳолатини яхшилаш зарурлигини айтди. Уларнинг ўнқир-чўнқирлиги кўпчиликнинг асабига тегмоқда. Айниқса, ёғингарчилик пайтида ноқулайликлар сезилмоқда. Аҳоли вакиллари маҳалла фуқаролар йиғини бир маромда иш олиб бориши учун шароитлар йўқлигини билдирдилар. “Меҳнатобод”, “Бунёдкор”, “Гўзал”, “Чаманзор” МФЙ аҳолиси билан ўтказилган учрашувлар ҳам самимий ва жонли мулоқот тарзида ўтди. Депутат сайловчиларнинг таклиф ва мулоҳазаларини пухта ўрганиб, тегишли мутасаддилар иштирокида уларнинг ечимини топишга ваъда берди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+