Депутатга Яшнабоддаги кўп қаватли уйлардан шикоят тушди

17.06.2020 14:06:47

Шу кунларда маҳаллий Кенгаш депутатлари жойларда бўлиб, аҳоли муаммолари ва уларни ҳал этиш йўлларини ўрганмоқда. Хусусан, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, 37-Қурувчилар округидан сайланган Бахром Валиев Яшнабод туманидаги бир неча маҳаллаларда фуқаролар билан юзма-юз мулоқотда бўлди. Жумладан “Уйсозлар” маҳалласи аҳолиси мурожаатларини тинглаганида Зуҳра Тошкенбоеванинг оиласи 2 хонали квартирада 10 киши бўлиб яшашлари, турмуш ўртоғи руҳий касал ва ижтимоий ҳимояга мухтожлиги сабаб коммунал тўловлардан 10 миллион сўм қарзи борлиги аниқланди. Айни вақтда фуқаро 280 минг сўм нафақа олиши ва бу оилавий эхтиёжларни қоплашга етмаслиги сабаб депутатдан ёрдам сўради. Шунингдек, уларга қўшимча уй-жой зарурлиги боис депутат тавсияларига асосан, шаҳар ҳокимияти балансида бўлган ижтимоий ёрдамга мухтож оилалар учун ажратилган уйдан олиши мумкинлиги айтилди ва бу бўйича кўмак бериладиган бўлди.

Шунингдек, шу маҳалладан Азиза Шамсиддинова исмли фуқаро депутатга мурожаат қилганида тадбиркорлик қилиши учун шарт-шароит зарурлигини айтиб ўтди. 2 нафар фарзандининг олийгоҳда шартнома асосида таълим олиши ҳамда турмуш ўртоғининг аҳволи ёмонлиги сабаб оиласини тебратиш учун ҳаракат қилаётганлигини куйиниб таъкидлади. Депутат ҳозирги карантин шароитида давлатимиз томонидан ўзини-ўзи банд қилган фуқароларга солиқ тўловларисиз 67 турдаги фаолият билан шуғулланишга руҳсат берилганини айтди. Ва бу йўналишларнинг қай тартибда амалга оширилиши бўйича тавсиялар берди.

“Ўрта Масжид” маҳалласини ўрганиш давомида ҳам бир қанча муаммолар тингланди. Хусусан, Козлова Галинанинг қизи Афғонистон давлатига турмушга чиқиб кетганлиги ва 2 йилдан буён алоқа узилиб қолганлиги, бироқ ҳали ҳамон шаҳарда рўйҳатда қолиб кетганлиги, бу эса Козловага бир қанча ноқулайликларни туғдираётгани маълум бўлди. Қизини рўйҳатдан чиқараолмаётган фуқаро, шунингдек, унинг фарзанди қарамоғида қолиб кетганлигини айтди ва бунинг учун ҳеч қандай нафақа олмаслигини ҳам таъкидлаб ўтди. Депутат бу бўйича ўзининг тегишли тавсияларини берди. Рўйҳатдан чиқариш ва васийлик ҳуқуқини қўлга киритиш суд органлари томонидан амалга оширилишини таъкидлади. Депутатнинг «Мумтоз» маҳалласини ўрганиши давомида ҳам бир қанча муаммолар устидан чиқилди. Бу ерда ҳам бир қанча кўп қаватли уйларнинг том ва ертўла қисми, кириш йўлаклари ачинарли аҳволда эканлиги айтилди. Депутат уй-жой-ширкатлар уюшмаси раҳбарларига ушбу муаммолар юзасидан муҳим тавсиялар берди, керакли жойида ёрдам қўлини чўзишини маълум қилди.

Яшнабод туманидаги ўрганишлар давомида “Катта Қўйлиқ” МФЙда яшовчи “Дилноза Сервис” уй-жой ширкатлар уюшмаси раҳбари Ким Мирослов депутат Бахром Валиевга бир неча хонадонларнинг шароити ёмонлигидан шикоят қилди. Айниқса, 4-хонадондаги аҳвол оғирлиги айтилди. Шунингдек, 10, 2, 7, 1-хонадонлар ҳам ижтимоий кўмакка мухтожлиги маълум қилинди. Депутат уларга зарурий ёрдам бериш чоралари кўрилишини айтди. “Тўёна” МФЙда яшовчи Акмал Якубов эса пандемия давридан сал аввалроқ кичик ошхона очиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётганини, карантин талаблари туфайли ошхона ёпилгани, ҳозирги кунда ишсиз эканлиги бўйича мурожаат қилди. Депутат бу фуқарога ҳам юқоридаги каби хозирги пандемия шароитида ўзини ўзи банд қилган фуқароларга  67 фаолият тури бўйича ҳеч қандай солиқларсиз тадбиркорлик билан шуғулланиш давлат томонидан имконият сифатида берилганини айтиб, бу бўйича қолган маҳалла аҳлига ҳам ўзининг тегишли тавсияларини берди.

“Ёрқин юлдуз” уй-жой ширкатлар уюшмаси раҳбари Карима Холматова ҳам кўп қаватли хонадонлардаги шароитнинг ёмон эканлигидан депутат Б.Валиевга мурожаат қилди. 10-а  уйнинг қувурлари ёрилиб, ертўласи сувга тўлганлиги айтилди. Яна бир кўп қаватли уйнинг юқори қаватларига эса сув чиқмаётганлигидан арз қилди. УЖШУ раҳбари бир неча бор мутасадди ташкилотларга ушбу масала бўйича мурожаат қилган бўлса-да, жавоб берилмаганлиги ҳақида маълум қилди. 101-уйда истиқомат қиладиган Зухра Ройибова лифт ишламаётганини, ўзи каби кекса инсонлар бундан айниқса, азият чекишаётганини айтди. Ҳозирда депутат Б.Валиев ушбу кўтарилган барча масалалар юзасидан тегишли ижро органларига депутатлик сўрови юбориб, муаммога ечим ахтармоқда.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+