Депутатлар элликдан зиёд фуқароларга кредит олишга кўмаклашди

29.11.2019 11:11:51

Йил якунланишига ҳам оз фурсат қолди. Ўтаётган ҳар бир сониянинг сарҳисобини қилиб чиқадиган бўлсак, ортимизда қўлга киритилган ютуқлар баробарида камчиликлар ҳам учраганини пайқаймиз. Хулоса эса, келгусида ушбу камчиликларга йўл қўймаслик учун ўз олдимизга янада улкан вазифаларни қўйиб, улардан оғишмай қадам ташлашни тақазо этади. Худди шу каби Ўзбекистон “Адолат” СДП Ховос туман Кенгаши депутатлик гуруҳига назар ташлаганимизда ҳам юқоридаги фикрларнинг исботини яққол кузатишимиз мумкин.

Депутатлар ўтган беш йиллик фаолиятлари давомида кўпдан-кўп сермаҳсул ишларни амалга оширдилар. Хусусан, фуқароларнинг уй-жойлари билан боғлиқ муаммолар бўйича ногиронлар, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган ёлғиз қариялар, аёллар, тиббий ёрдамга мухтож кишиларга беминнат ёрдам кўрсатилди. Депутат Худойназар Пўлатовга 2019 йил 21 январда Ховос шаҳарчаси “Қаҳрамон” МФЙда яшовчи Анора Бердиева ўзи яшаб келган уй ҳужжатларини давлат кадастридан ўтказишда муаммоларга дуч келгани боис ёрдам сўраб мурожаат этади.

Депутат дархол Ховос туман ер-мулк кадастри давлат корхонасига депутатлик сўрови юборади. Орадан кўп ўтмай, яъни, 25 январь куни корхона томонидан депутатга масала ижобий ҳал этилганлиги тўғрисида жавоб хати келади. Шунингдек, депутат Х.Пўлатов Ховос туман тиббиёт бирлашмасига “Тинчлик” МФЙда яшовчи 1965-йилда туғилган 1-гуруҳ ногирони Сайрам Мирсаидованинг мурожаатига асосан ногиронлик аравачаси берилишини сўраб депутатлик сўрови киритади. Депутатнинг бу мурожаати ҳам ижобий ечим топиб, фуқарога ногиронлик аравачаси етказиб берилади. Депутат Маҳмуд Боймуродов ҳам “Тинчлик” МФЙ Ал-Бухорий кўчаси 30-уйда истиқомат қилувчи Пётр Павелнинг туғма ногиронлиги сабаб Ховос туман тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўрови киритиб, ногиронлик аравачаси билан таъминланишига ёрдам кўрсатган. 2019 йил 19 мартда депутатлик гуруҳи раҳбари Ғойибназар Райимназаровга Ховос туман “Парчаюз” қишлоғидаги фуқаролар мадад истаб, мурожаат қилишади. Муаммога кўра, ушбу қишлоқ фуқароларининг фарзандлари 5-6 км. узоқликдаги  мактабга қатнашарди. Депутат зудлик билан мазкур муаммони тегишли ўрганиб, Ховос туман ҳокими ўринбосари О.Донабоев ҳамда Сирдарё вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Абдурахмоновларга масаланинг ҳал этилишини сўраб депутатлик сўрови юборади. 23-мартда келган жавоб хатига биноан ушбу ҳудудда 2020 йил давлат дастурига асосан 600 ўринга мўлжалланган мактаб қурилиши вазифа сифатида киритилганлиги маълум қилинади. Бундан ташқари депутат Ғ. Райимназаров кўплаб фуқароларнинг ишга жойлашишларида, элликдан зиёд фуқароларга имтиёзли фоиз асосида банклардан кредит олинишида ўзининг беғараз ёрдамини кўрсатиб келган.

Шу каби амалий ишлардан яна бири яқинда юз берди. Тумандаги “Янгиер” МФЙ Олтин диёр кўчасида яшовчи С.Йўлдошева, Д. Хазратқулова, С.Саматова, А.Бердиев, М.Ҳайдарова ва бошқа кўп сонли фуқаролар депутатга ўзлари яшаб турган кўчанинг ачинарли аҳволидан шикоят қилишади. Депутат Ғ.Райимназаров бу жиҳатларни эътиборга олиб, қўлбола усулда ўрнатилган электр симёғочларининг ҳаёт учун хавфлилиги, қолаверса, электр токи узатилишида бир қатор муаммоларни келтириб чиқарётгани, кўча юзида асфальт ётқизилмаганлиги боис йўлларда, айниқса ёғингарчилик вақтларида киши юриб бўлмаслигини аниқлайди. Ва ушбу вазиятни изоҳлаб Ховос электр тармоқлари ҳудудий корхонасига ва Сирдарё вилоят автомобил йўллар бош бошқармасига депутатлик сўрови киритди. Мутасаддилардан келган жавоб хатига кўра, муаммо яқин кунларда бартараф этилишига келишиб олинди.

Бинобарин, депутатлар томонидан шу йилнинг 11 ноябрида Халқ депутатлари Ховос туман Кенгашининг навбатдаги сессиясига халқ таълимига қарашли умумий ўрта таълим мактабларидаги мавжуд муаммолар юзасидан сессияга масала киритилганлигини айтиб ўтиш даркор. Ўз навбатида хозирги вақтда киритилган масала юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, доимий комиссия мажлисларида мактабгача таълим муассасаларидаги озиқ-овқат билан боғлиқ муаммолар ва бошқа масалалар ўрганиб чиқилган.         

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+