Депутатлар масъулияти оширилди

20.08.2020 12:08:11

“Ҳар бир фуқаронинг соғлиғи ва ҳаёти биз учун муҳим. Биз халқимизни коронавирус балосидан асраб қолиш учун барча куч-имкониятларини ишга солаяпмиз жаҳондаги энг илғор даволаш тажрибаларини олиб келаяпмиз”. Ўзбекистон Республикаси  Президентининг бу сўзлари мамлакатимизда шу кунларда коронавирус пандемиясига қарши амалга оширилаётган ишларнинг  мазмун-моҳиятини  ифодалайди.

Куни кеча Наманганда бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят кенгашининг  тўққизинчи сессияси иштирокчилари ҳам  жойларда зарарли инфекциянинг  кенг тарқалишига йўл қўймаслик юзасидан олиб борилаётган ишларни атрофлича таҳлил қилдилар. Онлайн тизимида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этди ва сўзга чиқди. У давлатимиз раҳбарининг кейинги пайтда ўтказилган бир қатор видеоселектор йиғилишларида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда яшаш, меҳнат қилиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, карантин талаблари  юмшатилганига қарамай, эпидемиологик вазият ҳали мураккаб эканлиги тўғрисида билдирган фикрларидан тўғри хулоса чиқариш зарурлиги таъкидланди.

Пандемия шароитида олиб бориладиган тарғибот-ташвиқот ишларида барча меҳнат жамоалари раҳбарлари, ижтимоий соҳа вакиллари фаоллик кўрсатишлари лозимлиги қайд этилди.

-  Карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилаётгани  халқимиз дилидаги иш бўлди, - дейди халқ депутатлари  вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Мусохон Апаков - Аслида жорий этилган тартиб қоидаларга  амал қилиш унчалик қийин эмас,  ҳамюртларимиздан фақат оддий, бироқ ҳаёт учун муҳим бўлган қоидалар - ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқоб тақиш, қўл бериб кўришмаслик, санитария-гигиена талаблари ва соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш, тўй-маросимларни белгиланган меъёрлар доирасида ўтказишга риоя этиш талаб қилинади. Бунинг учун  аҳоли ўртасида кенг миқёсида тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйиш даркор. Мазкур йўналишда барча даражадаги  депутатлар фаол иш олиб боришлари талаб этилади. Бу борада “Адолат” СДПдан сайланган барча депутатлар билан биргаликда корхона ва ташкилотларда,  маҳалла фуқаролар йиғинларида тадбирлар ўтказишни режалаштирдик ва бу соҳадаги ишлар бошлаб юборилди.

Сессияда вилоятда коронавирус пандемиясига қарши олиб борилаётган тадбирлар яна бир бор таҳлил этилди. Ҳозиргача вилоятга 15 миллиард сўмдан ошиқ маблағ эвазига 42 турдаги мингдан ортиқ тиббий қурилма келтирилди. Улар орасида 95 та SIРАР қурилмаси, 90 та кислород концентратори, 15 та ИВЛ аппарати ва 5 та мобил рентген-ташхис тизими бор. Махсус Covid-поликлиникалар, кунига 150-200 та мурожаатларни қабул қилаётган Сall-марказ, мобиль гуруҳлар ташкил этилган. Бу борадаги ишлар яна давом эттирилади.

Шу кунларда вилоятнинг қайси бир шаҳри ёки туманига борманг, ҳамма ерда “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар, партиямиз фаоллари жойларда бўлиб Covid-19 кенг тарқалишининг олдини олиш, хасталикка чалинмаслик учун  нималарга эътибор бериш, шифокорлар маслаҳатларига қатъий амал қилиш зарурлиги хусусида суҳбат ва маърузалар олиб бораётганликларига гувоҳ бўласиз. Ҳеч шубҳасиз бу ишлар пандемиянинг чекинишига катта ҳисса бўлиб қўшилади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби     

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+