Депутатлар партия дастуридаги вазифаларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатмоқда

12.02.2020 15:02:28

2020 йил 11 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция депутатлари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этган йиғлишда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, банк-молия ва суд-ҳуқуқ соҳаларига оида қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди.

Йиғилишида дастлаб, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизга инвестицияларни кенг жалб этиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда инновацион фаолиятни ривожлантириш, инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳаси мамлакат стратегиясининг асосига айланиб бормоқда.

Депутатлар томонидан айтиб ўтилганидек, айни пайтда республикамизда инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ягона қонунчилик базаси мавжуд эмас. Шундан келиб чиқиб, инновацион фаолият соҳасидаги тушунчаларни, соҳанинг субъектлари ва ушбу жараёнда уларнинг ўзаро муносабати, инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш ва тижоратлаштириш механизмлари, илмий ишланмаларни амалиётга тадбиқ этиш масалаларида ҳуқуқий хужжатнинг яратилиши аввало соҳанинг эркин фаолият олиб боришига асос бўлиб хизмат қилади.

Йиғилишда таъкидланганидек, қонуннинг кучга кириши орқали инновациявий соҳаларини самарали ҳамкорлиги таъминланади ва инновацион фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиланади. Айниқса, инновацион фаолият инфратузилмаларини кенг кўламда ташкил этиш имкони вужудга келади.

Шунингдек, қонун лойиҳасининг мақулланиши орқали соҳасидаги ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий муносабатларни тартибга солувчи қатор норматив ҳужжатлар кўриб чиқилишини, шу билан бирга, илмий, илмий-техник ва инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш, ўзлаштириш ва тижоратлаштириш масалалари амалиётга жорий этилади.

Фракция йиғилишида депутатлар қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда камчиликларга йўл қўйилганига тўхталиб ўтишди. Хусусан, лойиҳанинг тушунтриш хатида қонун лойиҳасининг мақсади аниқ баён этилмагани ва лойиҳасини қабул қилишдан кутилаётган натижа етарлича кўрсатилмагани эътирозларга сабаб бўлди.

Шунингдек, қонун лойиҳасида асосий тушунчалар мазмуни ҳам тўлиқ баён этилмаганини депутатлар танқидий баҳолашди. Хусусан, лойиҳада инновация тушунчаси амалиётга жорий этилиши ижтимоий-иқтисодий самара берадиган янги ёки такомиллаштирилган маҳсулот дея таърифланган. Бироқ инновация кимга ижтимоий-иқтисодий самара келтириши керак, жамиятгами, давлатгами, халққами, ёки фақат яратувчининг ўзигами деган масалалар тўлиқ ечимини топмаган.

Депутатлар лойиҳада акс этган инновацион фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари барча субъектлар учун умумий ҳолда келтирилгани масаласига аҳм эътибор қаратиб, белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг субъектлар ўртасида мутаносиб тақсимланишига олиб келганлигини қайд этишди. Масалан, соҳага тегишли инновацияларни яратиш ва уларни жорий қилиш масалаларини белгилаш орқали инновацияни яратган оддий шахсга уни жорий қилиш мажбурияти ҳам юклаб қўйилмоқда. Шу кабиландан келиб чиқиб фракция депутатлари лойиҳада акс этган ҳуқуқ ва мажбуриятларни ҳар битта субъектнинг ўзига хос томонларидан келиб чиқиб баён этиш таклифини илгари сурдилар.

Йиғилишда ушбу лойиҳанинг мамлакатимиз тараққиётида зарурлигини инобатга олиб, уни концептуал мақуллаш ва юқоридаги камчиликларни иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул Қўмита билан ҳамкорликда иш олиб борган ҳолда бартараф этишга келишиб олинди.

Фракция депутатлари алоҳида эътироф этганидек, ушбу ғояларга “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ҳам этибор қаратилган бўлиб, партия рақамли технологияларга асосланган инновацион миллий иқтисодиётни барпо этиш, соҳаларни энг замонавий илм-фан ва техника ютуқлари, илғор инновацион ғоялар ва билимлар асосида ривожлантириш, мамлакатда илм-фаннинг ролини ошириш орқали инновациялардан кенг фойдаланишни қўллаб-қувватлайди.

Айниқса, партия дастурида инновацион фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, “Инновациялар ва инновацион фаолият тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш белгилангани депутатлар томонидан эътироф этилди. Бу эса ушбу қонун лойиҳасини янада маромига етказишда фракция депутатларига алоҳида масъуллик белгилайди.

Шунингдек, фракция йиғилишида “Адолат” СДП ғояларига мос бўлган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш хақида” ги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, бугунги кунда шифокор тавсиясисиз ўзини-ўзи даволаш амалиёти кенг тарқалиб бормоқда. Бунинг натижасида дори воситаларининг ножўя таъсирлари ортиб, кўпгина салбий ҳолатлар ҳам қайд этилмоқда. Айниқса, кучли таъсир қилувчи дори воситаларидан истемол қилиш натижасида антибиотикларнинг инсон организмга таъсири сусайиши учрамоқда.

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда Лирика, Прегабалин, Регапен, Тропикамид, Залеплон, Селофен, Анданте каби дори воситалари ноқонуний айланиши бўйича 200 га яқин мурожаатлар қилинган ва натижада 47 минг ўрамдан ортиқ дори воситаси мусодара қилинган. Бу каби кучли таъсир қилувчи дори воситаларинининг асосан ёшлар томонидан нотиббий мақсадларда қўлланилаётганлиги фракция депутатлари томонидан қайд этилди.

Шу мақсадда, мазкур қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси” ва “Жиноят Кодекси”нинг тегишли моддаларига рецепт билан реализация қилиш тартибини бузганлик масаласида жавобгарликни белгилаш бўйича ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилмоқда.

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, шу жумладан кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг ноқонуний чакана савдоси ҳолатларига барҳам бериш имконини беради.

Шу билан бирга, ушбу лойиҳа орқали дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солиш такомиллаштирилади. Шунингдек, аҳолининг шифокор кўрсатмасисиз даволаниш ва дори воситаларининг ножўя таъсирларини олдини олиш, айниқса, ёш авлодни тарбиялаш учун қўшимча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратишга замин яратилади.

Депутатлар томонидан ушбу лойиҳанинг ишлаб чиқилишида халқаро тажриба кенг ўрганилганлиги ижобий баҳоланди. Хусусан, АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи, МДҲ давлатларидан Россия, Белурусь, Украина, Молдова ва Қозоғистон каби давлатларда асосий дори воситалари фақат дорихоналарда рецепт билан реализация қилиниши ва тартиб бузилишига жавобгарлик мавжудлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, ушбу давлатларда кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситаларини ҳам фақат рецепт асосида реализация белгиланган.

Бу эса “Адолат” СДПнинг мақсадларига мос бўлиб, партия тиббий фаолият устидан давлат-санитария назоратини кучайтирш, шунингдек, дориларни врач рецепти асосида берилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратгани йиғилганлар томонидан эътироф этилди.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ҳамда улар концептуал жихатдан қўллаб-қувватланди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+