Депутатлар саъй-ҳаракати билан 30 та иссиқхона барпо қилинди

22.06.2020 18:06:57

Дангасалик қилмасдан, ўз томорқасида ишлаган одамнинг турмуши фаровон бўлади. Буни кундалик ҳаётда тез-тез учратиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари раислигида 2020 йилнинг 14 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор мажлисида қишлоқ хўжалик тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Халқ депутатлари Касби туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳимиз аъзолари ва партия Кенгаши фаоллари билан Президентимиз кўрсатмаларига асосан “Жизза” МФЙда томорқалардан фойдаланишнинг аҳволини ўргандик. Томорқа ҳақиқатдан ҳам даромад манбаи эканлигини хонадонма-хонадон юриб кенг тарғибот қилдик. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бугунги куннинг талаби эканлигини тушунтирдик.

Айни пайтда “Жизза” МФЙда 602 та хонадонда 3319 нафар аҳоли истиқомат қилади. Жизза қишлоғидаги томорқа майдони 89,2 гектарни ташкил қилади. Депутатлик гуруҳимиз аъзолари ва партия фаоллари билан ҳамкорликда кенг кўламдаги тушунтириш ва фуқароларни фойдали меҳнатга жалб эта олганимиз боис ҳозиргача қишлоқдаги томорқаларга 30 та иссиқхона барпо этилиб, уларда помидор, бодринг, карам, картошка, саримсоқпиёз, қовун, тарвуз каби полиз экинлари, қулупнай ва дуккакли экин маҳсулотлари етиштириляпти. Бундан ташқари, боғдорчиликдан ўрик, бодом, шафтоли, гилос, олма, беҳи, олхўри, кўксултон ва узумдан ҳам яхшигина ҳосил олиш кутилмоқда.

Қишлоқда ўз томорқасидан яхшигина даромад олаётган оилалар кўп. Биз кенг қамровли тушунтириш ва маслаҳат кўмагимиз боис фуқаро Собир Холиқов хонадонидаги 7 сотих ерда иссиқхона барпо этган эди. Унга бодринг экиб, эндиликда ҳосил ола бошлади. Иссиқхонадан ташқаридаги ер майдонида эса карам, картошка, помидор, булғор қалампири, бақлажон каби экинлар экиб, улардан ҳам ҳосил олиб, аҳолига сотувни йўлга қўйди. Ҳозирча Собир Холиқов ўз томорқасидан 15 миллион сўм даромад қилди.

Қишлоқдаги Рустам Турдиқулов хонадони аъзолари 2 сотих ер майдонига иссиқхона барпо этиб, бодринг, помидор, булғор қалампири етиштириб, ўзларидан ортган маҳсулотни эса бугун бозор расталарига чиқаришди. Аҳмад Сафаров 1,5 сотих жойдаги иссиқхонада лимон ўстираётган бўлса, Комил Ҳасанов 12 сотих томорқасининг ҳар қарич еридан унумли фойдаланиб, 2 сотихида лимон, 1,5 сотихида саримсоқпиёз, 1,5 сотихида картошка, шунча ерда помидор, булғор қалампири етиштириб, туман аҳолиси дастурхонини ноз-неъматлар билан тўкин қилишда ўз ҳиссасини қўшиб келяпти. Ҳозиргача 10 миллион сўм даромад қилди. Бундан унинг турмуши обод, дили шод.

Дарҳақиқат, ерни боқсанг, ер сени боқади, дейди халқимиз. Шундай экан, Жизза қишлоғи аҳолиси тажрибасини нафақат вилоят, балки республикамизнинг бошқа маҳаллаларида ҳам тарғиб этиш керак. Шундагина томорқадан яхши ҳосил олиш эвазига пандемия даврида Президентимиз алоҳида таъкидлаётганларидек, одамларни узлуксиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имкониятлари кенгаяди.

 

Аббос ҲАСАНОВ,

халқ депутатлари Касби туман Кенгашидаги

“Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+