Депутатлар устозларга эҳтиром кўрсатди

03.10.2020 23:10:26

Бугунги куннинг устоз ва мураббийлари чин маънода бахтлидирлар. Боиси бугун уларнинг мавқеи ҳар қачонгидан-да юксалди, меҳнатлари қадр топди. Ўқитувчининг мақоми оширилди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларининг бир гуруҳи мактаб аталмиш улуғ маскан остонасига қадам қўяр эканлар, шарафли касб эгаси бўлган ана шундай устоз ва муаллимлар билан юзлашдилар. Дастлабки манзил пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган 192-мактабда бўлди. Бу ерда депутатлар қарийб ярим асрдан буён фаолият юритаётган устозларга дуч келишди. Шунча йиллик касбига садоқати, болаларни жон дилидек яхши кўриб, таълим-тарбия бериши уларни бугун улуғ инсон даражасига кўтарди. Депутатлар улар билан дилдан суҳбат қуриб, гулдасталар билан ўз миннатдорликларини изҳор этишди. Шундан сўнг депутатлар яна бир неча мактабларда, хусусан, 299, 40, 180 а, 136, 102, 254 мактабларга ҳам ташриф буюриб энг намунали ҳамда фидойи устозларни байрам билан қутлашди. Ўз навбатида ўқитувчилар ҳам депутатларга илиқ ва самимий тилакларини билдириб ўтишди:
Мунаввар Қамариддинова, 254 – умумтаълим мактаби ўқитувчиси:
Мана шу мактабда 40 йилдан буён фаолият юритаман. 40 йил мобайнида қанчадан-қанча шогирдларни тарбияладим. Уларнинг ичида шифокор, ўқитувчи, инженер, тадбиркор – ҳар хил соҳа вакиллари бор. 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни биз учун катта байрам. Ўқитувчиларнинг машаққатли ва шарафли касбини унутмаган шогирдларим ҳар доим бизларни йўқлаб келиб туришади. Улар мени илҳомлантирганидан гоҳида 18 ёшдек бўлиб қоламан. Ғайратимга ғайрат, кучимга куч қўшилади. Халқ хизматидан ҳеч қачон чарчамасдан ҳамиша элнинг боласини ўқитишга бизлар тайёрмиз.

Мавзура Закирова, 192- умумтаълим мактаби ўқитувчиси:

Бу мактабда мен 46 йилдан буён таълим бериб келмоқдаман. Ҳозир нафақадаман. Лекин шу мактабимдан ҳеч айрилгим келмайди. Ҳар куни ўқувчиларга бор билимимни бериш мақсадида, қадрдон устозлар билан бирга бўлиш мақсадида дарс бериш учун келишга ошиқавераман. Худди бу даргоҳга кеча келгандекман. Бизнинг қўлимизда қанчадан-қанча ўқувчилар таълим олиб, ўз мақсадларига эришишган.


Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши
матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+