Депутатлик гуруҳи Сергелидаги муаммоларни ҳал қилди

10.08.2020 12:08:02

Ўтган йилги сайлов жараёнлари ўтиб, депутатликка муносиб номзодлар сайланди. Қарангки, депутат бўлиб янги йилни қарши олганлар қаршисида дарҳол синов даври бошланди. Бу ҳам бўлса пандемия. Бироқ шунга қарамасдан депутатлар ушбу синовли дамларда халқ билан бирга бўлиб, малҳам бўлди ва бу ишлар ҳали хамон давом этмоқда. Халқ депутатлари Сергели туман Кенгаши депутатлари фаолияти бунинг исботидир.

Депутат Дониёр Рашидов йил бошидан буён ўз сайланган 15-Шокирариқ сайлов округида кўплаб ижобий ишларни амалга оширди. Хусусан, «Зийнат» МФЙ аҳолиси муаммоларини бартараф этди ва маҳалла гуллаб яшнашига ўз ҳиссасини қўшди. Маҳалла фаоллари билан биргаликда носоз болалар майдончаларининг жорий ҳолати, ички таъмирталаб йўллар ва режада бўлган объект қурилишларини кўздан кечирди. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш белгилаб олинди. Маҳалла кутубхонаси учун 87 турдаги китоблар жамланмасини совға қилди. Шунингдек, Сергели туман 7 мавзесида истиқомат қилувчи 1986 йилда туғилган 2 гуруҳ ногирони Ҳасанова Умиданинг ижтимоий ёрдамга мухтожлар рўйҳатида турганлиги боис, профилактика учун санаторияга йўлланма олиб берди ҳамда оиласини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлади. Депутат Д.Рашидов шундай ижтимоий ёрдамлардан 20 дан ортиғини амалга оширди. Улар таркибини ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини  йўқотганлар ташкил этади. Айниқса, депутат «Саховат ва кўмак» ижтимоий ҳаракати доирасида пандемия даврида ишсиз қолган эҳтиёжманд оилаларга 15 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва пул маблағлари билан кўмак улашди.

Депутат Суюн Ашуров эса «Қумариқ» МФЙ Обираҳмат 1 тор кўчасидаги аҳоли мурожаатларига асосан яроқсиз ҳолга келиб қолган сув қувурларининг тез-тез тешилиб қолиш ҳолатлари кузатилаётганлиги, бу эса фуқароларга бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётганлиги бўйича Сергели туман «Сувсоз» ДУКга депутатлик сўрови юборди. Шунингдек, ушбу кўчада чириган эски симёғочлар ва уларга тортилган эски электр симлар аҳоли ҳаётига хавф туғдираётгани маълум бўлди. Депутат С. Ашуров бу муаммо юзасидан эса Сергели туман электр тармоқлари корхонасига депутатлик сўрови киритди. Мазкур депутатлик сўровига жавобан мутасаддилар режага мувофиқ жорий йилнинг 2-ярмида муаммони бартараф этишларини маълум қилди. Худди шу мазмундаги масалалар бўйича Улуғбек, Шохруҳия, Саватчи, Завқий кўчалари ҳам йил якунига қадар янги симёғоч ва электр симлар билан таъминланадиган бўлди.

Халқ депутатлари Сергели туман Кенгаши депутати Денис Головин ҳам халқ хизматида жавлон ураётган шижоатли депутатлардан. Унинг ташаббуси билан шу вақтгача «Суғдиёна» маҳалласидаги ёниб кетган дарахтларни кесиш тўғрисидаги мурожаат Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда ижобий ҳал қилинди. Пандемия бошланғич жараёнида Тошкент вилоятида қурилган «Ўртасарой» шифохонасига электрошитлар етказиб бериш тўғрисидаги мурожаатига асосан “Aysel Energy” қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган электрошитлар етказиб берилди. Аҳолини иш билан таъминлаш бўйича самарали ишлар олиб бориб,  мазкур корхонада 200 кишилик янги иш ўрни яратишда ташаббус кўрсатди. Туманда жойлашган Травмпункт бўлимида шифокорлар ва беморларга шарт-шароитлар яратиш бўйича мебел жиҳозлари (стол, стул ҳамда шкафлар) олиб берилди. Депутат ёрдами билан тумандаги Суғдиёна ҳамда Обиҳаёт кўчалари оралиғидаги Файзли кўчасидаги носозликларни таъмирлаш бўйича асфальт қопламали йўл ётқизилишига эришилди. “Нурҳаёт” ва “Суғдиёна” МФЙларининг 35 нафар ижтимоий кўмакка мухтож оилаларига рўзғор маҳсулотлари олиб берилди.

Туман депутатларининг хайрли ишлари давом этмоқда.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+