Депутатлик гуруҳининг иш режалари белгиланди

06.02.2020 18:02:35

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашида халқ депутатлари вилоят кенгашига сайланган сафдошларимиз иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда халқ депутатлари вилоят кенгашидаги партия гуруҳининг 2020 йилга белгиланган иш режаси муҳокама қилинди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган партия вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев депутатлар олдида турган муҳим вазифаларга тўхталди. У Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам бу масалага катта эътибор қаратилганлигини таъкидлади. Қўйилган вазифалар орасида  аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш каби муҳим масалалар борлиги диққатга сазовордир.

Баҳодир Болтабоев, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари:

- Барчамиз учун дастуриламал вазифасини ўтайдиган мазкур ҳужжатда  депутатлар фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбари ўтган йил декабрида  ўтказилган сайловлар  самарали ўтганлигини эътироф этди. Шу билан бирга депутатлар зиммасида катта масъулият борлигини барча сезиб турибди. Демак, депутатлик гуруҳи ва вилоят партия Кенгаши ўзаро ҳамкорлик асосида иш юритиши  талаб этилади. Сайловчилар  кўтарган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш зарур.

Йиғилиш қатнашчилари вилоят кенгаши депутати Алишер Қосимовнинг 2020 йил учун тузилган намунавий иш режаси билан танишдилар. Унда кўплаб долзарб масалалар қамраб олинганлиги қайд этилди. Шунингдек, доимий комиссиялар, партия гуруҳи йиғилишлари, кенгаш сессиялари кун тартибига киритиладиган масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Бу борада депутатларга фаолларимиз зарур амалий ёрдам кўрсатадилар, дея ишонч билдирилди.

Йиғилишда “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Абдужаббор Нишонов, вилоят кенгаши депутати Отабек Назаров, матбуот хизмати котиби Нурбек Абдуллаев ҳам кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Депутатлар ва партия фаоллари иштирокидаги йиғилишларни мунтазам ўтказиб боришга келишиб олинди.  

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+