Депутатлик сўрови томорқа ва бандлик билан боғлиқ муаммоларга нуқта қўйди

16.05.2020 16:05:50

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат Кенгашларининг 2020 йил 13 апрелдаги “Дехқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги”ги қўшма қарори юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Бу гал Фарғона вилоят ишчи гуруҳ раҳбари М.Сайфитдинова, ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари М.Салимова Риштон туманида бўлиб, тумандаги ишчи гуруҳ аъзоси И.Якубова билан биргаликда ҳудудни ўргандилар.

Ўрганишлар давомида кўплаб хонадонларнинг томорқаси кўздан кечирилди. Жумладан, “Зохидон” МФЙ Зохидон кўчасида истиқомат қилувчи Анваржон Мамаев 5 сотихдан иборат ўз томорқасида бодринг ҳамда картошка етиштирмоқда. Ўзбек маҳалла кўчасида истиқомат қилувчи Акбарали Алиқулов 4 сотихдан иборат томорқасининг ярмига иссиқхона ташкил қилиб, ичига бодринг ва кўкатлар, қолган қисмига рўзғори учун картошка эккан. “Мевазор” МФЙ Бобуршоҳ кўчасида яшовчи Валиқўзи Тохиров ер майдонининг 2 сотих жойига экилган бодрингдан 6.5 миллион сўм даромад топган,  картошка, помидор эса ҳосилга кириш арафасида. 

Туманда 56 нафар ишсиз ёшларга 30 сотихдан жами 16.8 гектар ер ажратилиб, бандлиги таъминланганлиги қувонарлидир. Қолаверса, “Мевазор” МФЙда яшовчи Муқаддам Қундузова ва “Тошоғолиқ” МФЙдан Мавлуда Тошболтаеваларга 2 сотихдан иссиқхона қуриб берилиб, бодринг ва памидор кўчатлари ўтқазилганлиги оиласини таъминлаш ва даромад топишларига кўмак бўлган. “Тўраобод”, “Меҳнатобод”, “Ёшлик”, “Дашт Тегирмон” МФЙ да яшовчи яна 4 нафар фуқароларга бюджет маблағлари ҳисобидан 1,5 сотихдан иссиқхона қуриб берилган.

Аммо туманда  мавжуд бўлган 2829 гектар томорқаларнинг барчаси ҳам унумдор ва унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириляпти, дейиш мушкул. Чунки аксарият томорқалар шўрлашгани учун  фуқаролар ундан фойдалана олмаяптилар. “Бирлашган” МФЙ Наврўз кўчасида истиқомат қилувчи Икромжон Рустамов ишчи гуруҳ билан суҳбат давомида ер захлиги сабабли экин экишнинг иложи йўқлигини билдирди. Мазкур кўчада  яшовчи Носиржон Маҳкамов ҳам бир неча бор уринишларига қарамай, натижага эриша олмаган. Шокиржон Қодиров, Эминжон Нурматовларнинг томорқасида ҳам ҳолат шундай. Муаммони бартараф этиш бўйича туман мутасадди ташкилот раҳбар ва мутахассислари жалб қилинди. Ишчи гуруҳ томонидан  вилоят “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи А.Фозиловга Наврўз кўчасидаги хонадонлар бир неча йиллардан буён зах-сизот сувлари кўтарилиб кетиши натижасида томорқаларидан унумли фойдалана олмаётганлиги, бу ҳолат ҳудудда яшовчи фуқароларнинг соғлиғига ҳам салбий таъсир кўрсатаётганлиги, мазкур муаммони бартараф этишда амалий ёрдам берилиши юзасидан депутатлик сўрови юборилди. Мутасадди ташкилотлар томонилан тез кунда масала ижобий ечим топиши ва  мазкур ҳудудда зовур ковланиши юзасидан оғзаки маълумот берилган.

Шунингдек, ўрганишлар давомида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати М.Салимова вилоят ишчи гуруҳи билан биргаликда 2006 йилдан буён туман марказий шифохонанинг травматология бўлимида ишлаб келаётган ҳамшира, “Бирлашган” МФЙ Наврўз кўчаси 26-уйда яшовчи Наргиза Ахмадалиевага шу кунга қадар 0,25 ставкада иш хақи тўланаётгани юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи номига депутатлик сўрови юборди. Сўровнома шу кунни ўзида ижобий ҳал этилди ва ҳамширага туғуруқ таътилидаги ходим хисобидан тўлиқ иш ҳажмига жалб қилиниши белгиланди.

 Камола ПОЛВОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+