Депутатлик сўрови ёзиш билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди

29.01.2021 12:01:12

Халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоларидан бири ёш депутат Дилдора Холиқова ўз фаолиятида шу жиҳатга эътибор қаратади.

Ёш депутат сифатида сайловчилар билан қилинган мулоқотларда аниқланган масалалар бўйича бир неча маротаба депутатлик сўрови юборишимга тўғри келади. Лекин ҳамма ташкилот ёки мутассаддилар сўровимга аниқ ва тегишли жавобни қайтармайди. «Давлат дастурига киритилган» ёки «ўрганиб чиқамиз» каби важлардан у ёғига ўта олишмайди, баъзан. Шундай вазиятда депутатлик сўровининг ўзи етарли эмаслигини англаб етаман ва туман Кенгашининг сессияларида таклиф сифатида илгари суриш орқали ушбу маслаларга ечим излашга ҳаракат қиламан, дея депутатлик фаолиятидаги жараёнлар ҳақида маълумот беради депутат.

Ҳа, депутатнинг гапида жон бордек гўё. Ҳаётий мисоллар билан далиллайлик. Депутат Дилдора Холиқова  томонидан 2020 йил 13 июль куни Мирзаобод  туман “Сувоқова” ДУК раҳбари Б.Усмоновга 8 март қишлоғи  “Зомин” кўчасида ичимлик суви таъминоти масаласида муаммоларни хал этишда амалий ёрдам бериш учун 14-сонли депутатлик сўрови юборилган. Айни ёз кунлари аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи баланд бўлишига қарамай масалага ечим топиш пайсалга солинган. Лекин ортга чекинмаган депутат томонидан бу масала туман Кенгашининг сессиясида таклиф сифатида ўртага ташланган. Шундан сўнг қисқа вақт мобайнида мазкур масала ижобий ҳал этилган. Шунингдек, депутат Дилдора Холиқова  томонидан 2020 йил 12 февраль  куни Мирзаобод  туманлараро 73-сонли ТМЭКга  фуқаро Э.Ибрагимовнинг мурожаатига асосан 5-сонли депутатлик сўрови юборилган. Бу масала ҳам узоқ вақт хал бўлмаганли сабабли депутат ўз сўровига жавобни кутиб ўтирмай масъуллар билан учрашишга қарор қилди. Натижада мурожаат муаллифининг яшаш шароити, соғлиги атрофлича кўрикдан ўтказилиб, Э.Ибрагимовга 1 гуруҳ ногиронлик нафақаси тайинланди.

Халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгаши депутати Ғайбулла Усмоновга туманнинг «Ҳақиқат» маҳалласи фуқароси Баҳтиёр Аҳмедовдан уй-жой масаласида мурожаат тушган эди. Бу масалада депутат туман ҳокимлигининг қурилиш бўлимига депутатлик сўровини юборди. Натижа узоқ вақт талаб қилишини билгач депутат Ғайбулла Усмонов депутатлик гуруҳидан иборат ишчи гуруҳини тузди ва фуқаронинг яшаш шароити, уй-жойга бўлган эҳтиёжи атрофлича ўрганилиб, якуний хулоса берилди. Мурожаат муаллифи талаб қилинган ҳужжатларни туман ҳокимлигига тақдим этгач уй-жой билан таъминланди.

Депутатлик гуруҳи таркибига эндигина қўшилган  25 ёшли Акмалжон Хасанов ҳам туманнинг “Тошкент” ва “Баҳористон” маҳалласи аҳолисидан тушган мурожаатларга нафақат депутатлик сўров балки амалий ишлар орқали ҳам жавоб бермоқда. Натижада иш сўраб келган фуқаролардан юздан ортиғи ишли бўлди. Чунки тадбиркор сифатида фаолият юритаётган ёш депутат ўз имкониятларидан фойдаланиб тикувчилик ва мебел ишлаб чиқариш  цехларига шу ҳудуд аҳолисини ишга қабул қилди.

Халқ депутатлари  Мирзаобод туман Кенгаши депутати Насиба Ботирова томонидан “Тинчлик” маҳалласи фукароларининг мурожаати асосида Мирзаобод туман “Сувоқова” Давлат унитар корхонасига  8-сонли депутатлик сўрови юборилган. Ичимлик суви қувурларининг носозлиги ва аҳоли хонадонларига сув қувурларининг олиб кирилмаганлиги юзасидан бўлган мазкур мурожаат тегишли ташкилот томонидан ўрганилди-ю, натижасига келганда бир оз вақт талаб қиладиган бўлди. “Дастурга киритиб хал қиламиз”, деган мазмундаги жавоб хатидан қониқмаган депутат дархол маҳалла аҳолисини бир жойга йиғди ва ҳашар йўли билан “Сувоқова” ташкилотига қандай ҳамкорлик чоралари кўриш мумкинлигини келишиб олди. Натижада олти ойлик вақт талаб қиладиган масала ечими бир ойга қолмай ўз самарасини бериб, маҳалла аҳолисининг қўллаб-қувватлаши билан сув қувурлари таъмирланиб, аҳоли ичимлик суви билан таъминланадиган бўлди.

Албатта бу каби мисолларни бошқа туман Кенгаши депутатлик гуруҳлари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу эса келгуси мақолаларимизга мавзу бўлиши аниқ.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё

вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+