Депутатликка номзодимиз давлат мукофоти билан тақдирланди

12.11.2019 16:11:42

Барчамизга яхши маълумки, узоқ йиллардан буён 8 ноябрь мамлакатимизда “Тиббиёт ходимлари куни” сифатида кенг нишонланиб келинади. Эътиборлиси, бу йил илк бор байрам муносабати билан давлатимиз раҳбари фармони асосида соҳанинг бир гуруҳ фидойи ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Шулар қаторида партиямизнинг жонкуяр, фаол аъзоси ҳисобланган  Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг Учқудуқ тумани бўлинмаси ижрочи директори Бахтигул Отепованинг борлиги барчамиз учун қувонарлидир. Бахтигул Отепова соҳадаги узоқ йиллик самарали фаолияти туфайли юртбошимизнинг фармонига асосан “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

Жорий йилнинг 9 ноябрь куни пойтахтимиздаги муҳаташам “Туркистон” саройида ўтказилган тантанали тақдирлаш маросимида Бахтигул Отепова ушбу мукофотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоевадан қабул қилиб олди.

Асли касби тиббий-ҳамширалик бўлган қаҳрамонимиз сўнги олти йилдан буён Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг Учқудуқ тумани бўлинмаси ижрочи директори вазифасида ишлаш билан бир қаторда партиямиз сафида ҳам ўзининг фаоллиги, ташаббускорлиги орқали чуқур ҳурматга эга. 

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 30-Учқудуқ сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилди.

Партиямизнинг жонкуяр аъзоси Бахтигул Отеповага бўлажак сайловларда муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Навоий вилоят Кенгаш

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+