Депутатни ўйлантираётган масала мутасаддиларни қай даражада қизиқтирмоқда?

28.02.2020 18:02:18

37-Қурувчилар сайлов округидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига сайланган депутат Бахром Валиев ўз округидаги муаммоларни ўрганиш учун жойлардаги ташкилот ва идоралар, таълим муассасалари ҳамда кенг аҳоли вакиллари билан учрашди. Ўрганишлар давомида аниқландики, Яшнабод туманида жойлашган 244-умумий ўрта таълим мактаби 950 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни кунда 1899 та ўқувчи таҳсил олмоқда. Синф хоналарининг етишмаслиги туфайли ўқувчиларнинг сифатли дарс машғулотлари билан шуғулланишларига тўсқинлик қилмоқда. Ушбу мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Мастура Юлчиеванинг таъкидлашича, мактаб ҳудудида қўшимча ер майдонлари мавжуд бўлиб, бошланғич синфлар учун алоҳида қўшимча мактаб биноси қуриш мумкин.

— Мактабда 20 та бошланғич синфлар мавжуд. Агар қўшимча бино қуриладиган бўлса, муаммонинг ечими топилган бўларди, - дейди М. Юлчиева.

Маълум бўлишича, мактаб жорий йилда капитал таъмирланиш учун давлат Дастурига киритилган. Аммо мактаб маъмурияти ҳалигача дастур лойиҳаси ва шартлари мазмунидан бехабар.

Шунингдек, рус синфларда  таълим берувчи ўқитувчилар етишмаслиги ҳам мактабнинг асосий муаммоларидан бири. Шу сабаб, ўзбек синфларида дарс ўтадиган ўқитувчилар рус синфларида ҳам таълим бермоқда. Бугунги ахборот асри ва рақамли технологияларни ривожлантириш замонида информатика фани қай даражада аҳамият касб этишини билсангиз керак. Аммо деярли 2000 минга яқин бола таҳсил оладиган мактабда атиги бир дона информатика хонаси мавжуд. Бунинг оқибатида ушбу фан билан шуғулланмоқчи бўлган бола информатика тўгаракларида тўлов асосида таҳсил олади. Шу билан бирга, тижорат-тўлов асосида келиб ўқийдиган болалар 9 та синфга жам қилингани ҳолда ҳар бир боладан ойига 120 минг сўмдан олинади. Ана шундай синфларнинг 1-2 синфларига тушлик қилишлари учун қўшимча тўлов асосида шароит яратиб берилган. Кузатишлар давомида пуллик тўлов асосида ўқийдиган болалар куннинг биринчи ярмида келиб таҳсил олса, пул тўламайдиган ота-оналар болаларининг дарси куннинг 2-ярмига қўйилганлигидан  ноҳақлик томонлари сезилди. Бу боланинг руҳиятига қай даражада таъсир этиши эса ўзингизга маълум.

Шу ўринда бир савол туғилади. Мактаб таълимини бутунлай бепул дея оламизми? Албатта, йўқ. Негаки, мактаб ҳаражатлари ва ўқитувчиларнинг маоши учун тўланаётган пуллар давлат бюджетидан қопланаётганлигини, ўз навбатида бу жамиятдаги ҳар соҳада фаолият юритаётган ота-оналарнинг солиқ тўловларидаги улуши эканлигини наҳот ўйламаймиз? Демак, бу ҳаражатлар ота-оналарнинг ҳам ҳиссаси экан-да. Бугунги кунда ўқитувчилар мақомини ошириш ҳақида бонг урилмоқда. Бу ғояни бевосита Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам қўллаб-қувватлайди. Шундай экан, ўқитувчи бу шарафга лойиқ бўлиши, мактабда ўқувчиларнинг барчасини тенг кўриб, бирдек таълим бериши мақсадга мувофиқ эмасми?

Биз ушбу жумлалар билан ўқитувчиларни қоралаш фикридан йироқмиз. Ўйлаймизки, ҳар бир ўқитувчи ўз номига монанд иш юритса, вазифасини чин дилдан чуқур англаса бу саволларга ўрин қолмасди. Қолаверса, мактаб билим ва тарбия ўчоғи ҳамда инсоннинг жамиятдаги ўрнини шакллантирувчи маскан ҳисобланади.

Асосан, тумандаги 3 та маҳалланинг ўқувчи ёшидаги болалари қамраб олинган мактабда намуна қилиб кўрсатишга арзийдиган мисоллар ҳам борлиги албатта, қувонарли ҳол. Жумладан, 7,8,9 –  ўзбек синфи ўқувчилари учун Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда ҳуқуқшунослик фанига қизиқадиган ўқувчилар билан касбга йўналтириш дарслари ўтилаётганлигига гувоҳ бўлдик. Ўқувчиларнинг дарс машғулотларидаги фаоллигини кўриб хайратимиз ошди, очиғи. Бу каби дарсларни кўпайтириш зарурлиги ҳақида депутат томонидан тегишли тавсиялар берилди. Мактабдагиларнинг таъкидлашларича, бундай дарслар хорижий тиллар учун учун ҳам ташкил этилган. Бундан ташқари яна меҳнат, спорт тўгараклари ҳам мавжуд. Депутатнинг мазкур мактабни ўрганишларидан шундай хулосага келиндики, ўқитувчиларни янги тизим асосида дарс беришга ундаш, бошқа мактаблар билан рақобатбардошликни ошириш зарур. Бундан ташқари, ҳал этилиши долзарб бўлган муаммолар ечимига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб,  тегишли жойларга депутатлик сўровлари чиқариш белгилаб олинди.

Депутатнинг эътиборини тортган яна бир маскан тумандаги Халқ қабулхонаси бўлди. Халқ қабулхонасига депутат иштирокидаги ишчи гуруҳи ташриф буюрганида бир қанча фуқароларнинг ариза ва мурожаатлари устидан чиқиб қолинди. Жумладан, фуқаро, 2-гуруҳ ногирони Пирмуҳаммедова Назира анчадан буён кўкрак саратони хасталиги билан оғриб келмоқда экан. Бироқ боқувчиси йўқ бўлган ушбу аёлнинг оладиган  ногиронлик нафақаси  даъволанишига етмайди. Икки нафар қиз фарзанди эса турмушга чиқиб кетган. Тумандаги 30-оилавий поликлиникага бириктирилган бемор айни пайтда алоҳида даволаниш учун онкологик шифохоналарга бепул йўлланма олишга мухтож. Халқ қабулхонасидаги фуқаронинг ушбу мурожаати устидан чиқиб қолган депутат унга амалий ёрдам кўрсатишга ваъда берди. Шунингдек, 1-гуруҳ ногирони бўлган яна бир фуқаро Зухра Тўхтамованинг паспорти йўқолганлиги сабабли нафақа ололмаётганлиги маълум бўлди. Депутат ушбу масалани ҳам ҳамкорликда ҳал этишни ўз зиммасига олди.

Ишчи гуруҳ ўрганишлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар бўйича қабулхонаси туман бўлими (бизнес омбудсман)да ҳам давом этди. Келиб тушган мурожаатлар таҳлил этилганда асосийлари ер ва тадбиркорларнинг кредит олишлари билан боғлиқлиги аниқланди. Депутат Б. Валиев мавжуд муаммоларга барҳам бериш юзасидан масъулларга ўзининг тегишли тавсияларини берди. Бу йўлда депутат сифатида ҳамиша кўмаклашишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+