Депутатни қандай вазифалар кутмоқда?

30.01.2020 15:01:14

Фарғона давлат университетида  бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг “Депутат – халқнинг  ишончли вакили”  мавзусидаги сайёр ўқув семинарида Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳарлари, Қува, Тошлоқ, Ёзёвон, Қўштепа, Олтиариқ, Фарғона туманлари  Кенгаши раислари ва партиядан сайланган депутатлар иштирок этди.  

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  ҳамда маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловлар чинакам сиёсий имтиҳонга айланди. Сайловлар чин маънода халқимизнинг онгу тафаккури, сиёсий билими ва маданиятининг юксалиши, фуқаролик жамиятининг демократик тамойиллари асосида шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ҳар бир сайловчи муносиб деб билган номзодларга овоз берди.  Ўз ўрнида номзодлар ҳам халқ ичига кириб бориб,  ўзининг касбий ва инсоний фазилатлари ва билимларини намоён этдилар.

Эндиликда янги сайланган депутатларимиз ўзларига билдирилган ишончни оқлашлари, халқнинг дарди билан яшаб, уларга кўмакдош бўлишлари зарурдир. Шунинг учун уларга аввало сиёсий партия томонидан депутатлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари,  мақоми,  бурч, масъулият ва вазифалари борасида услубий, амалий кўмак керак.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 январдаги Олий Мажлис Палаталарига Мурожаатномасида ҳам депутатларга қўйилаётган талаблар юзасидан фикрлар билдирилди.

Таъкидланганидек, депутатларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимдонлиги  ўзи аъзо бўлган сиёсий партиянинг фаолиятини кучайтиришга, маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини ривожлантиришга хизмат қилиши лозимлиги бугун замон талабига айланган.  Халқнинг вакили сифатида тинимсиз меҳнат қилиши, изланиш ва  ҳаракатда бўлиши лозим. У аввало, ҳамиша халқ дарди билан яшаши, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун фидойилик кўрсатиб, бошқаларга ўрнак  кўрсатиши керак.

Семинарда вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси Нозима Тожиеванинг  “Халқ депутатлари  вилоят ва туман-шаҳар Кенгашларидаги  партия депутатлик гуруҳларининг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва ваколатларини амалга  оширишда асосий процессуал механизмлар”,  Фарғона давлат  университети катта ўқитувчиси Акмалжон Комиловнинг “Ўзбекистон  Республикасининг  бугунги кундаги геосиёсий ҳолатини  белгилаб берувчи, унга таъсир этувчи геостратегик омиллар” мавзусидаги маърузалари тингланди. “Чет элда қонуний ишлаш, қонуний миграция масалалари” мавзусида сўз юритган “Vodiy-HR” хусусий бандлик агентлиги вакили Нурали Суярқуловнинг маълумотлари эса кўпчиликда қизиқиш уйғотди.  Партиянинг “Бир ойда–бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида хорижда, жумладан, Россия Федерацисининг турли ҳудудларида ишлаш ниятида бўлган фуқароларни давлат томонидан расмий иш жойлари билан таъминлаш  масалаларида ҳамкорликка чақирди. Ойлик маошлари, меҳнат шароитлари ва турлари билан таништирилди.

Тадбир давомида маърузачилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлиги, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгаришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Қарори, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг бугунги кундаги геосиёсий ҳолатини белгилаб берувчи, унга таъсир этувчи геостратегик омиллар тўғрисида тушунчалар берилди. Депутатлар томонидан депутатлик мақоми амал қилган давр мобайнида  ўз сайловчилари  билан  ишлашда,  ечимини кутаётган долзарб масалаларни депутатлик  гуруҳларида муҳокама қилиб,  Кенгаш сессиясига киритиш тартиби, депутатлик сўровларини расмийлаштириш, уларнинг муддатлари, шунингдек депутатнинг одоби, фуқаролар билан мулоқотда бўлиш этикаси ҳамда бошқа бир қатор депутат фаолияти  билан боғлиқ масалалар атрофлича тушунтирилди. 

Семинар иштирокчилари  ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Сайёр ўқув  семинари вилоятнинг қолган ҳудудларида ҳам давом эттирилади.

                                                                        Камола ПОЛВОНОВА,

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона  вилоят Кенгаши  матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+