Депутатнинг бефарқлигини оқлаб бўладими?

13.03.2020 17:03:03

Самарқанд давлат чет тиллар институтида сиёсий партиянинг дастурий мақсади ва унинг электорати манфаатлари ҳамда ҳудудларни ривожлантириш дастуридан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган ўқув семинар бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда  сиёсатшунослар, депутатлар, партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Семинарда партия гуруҳлари фаолиятини меъёрий-ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда уларнинг қонунчиликда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва ваколатларини амалга оширишнинг асосий механизмлари, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия гуруҳларининг доимий комиссиялар мажлислари ва сессиялар кун тартибига таклифлар киритиш  масалалари атрофлича таҳлил этилди. 

Шунингдек, партия депутатлик гуруҳларининг ҳудудларда депутатлик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Хусусан, депутатлик гуруҳи аъзолари мутасадди ва масъул ижро этувчи идоралар раҳбарларининг Қонунлар, Давлат дастурлари ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси юзасидан эшитувларини ташкил этишнинг муҳим ва таъсирчан усулларини ишлаб чиқиш, партия бошланғич ташкилотлари ва халқ депутатлари Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, жойлардаги муаммоларини ўрганиш ва уларни партия воситалари орқали ҳал этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Самарқанд ҳудудий бўлинмаси ҳамда Самарқанд давлат университетининг малакали мутахассислари томонидан  депутатлар ўзларига берилган ваколатлар доирасида қандай ишлаётганлиги таҳлил қилиниши,  уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган услубий тавсияларни берилиши семинар-тренингда кўтарилган муҳим мавзулардан бири бўлди. Ушбу мавзу доирасида электоратнинг доимий ижтимоий эҳтиёжлари ва манфаатларини аниқлаш ҳамда фуқароларни ўйлантираётган муаммолар ҳал этилишида партия гуруҳлари ролини ошириш масалалари диққат марказида бўлди.

-Бугунги семинарда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари, партиямиз Сайловолди дастурининг муҳим йўналишларини амалга оширишда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳининг иштироки, электорат манфаатларини рўёбга чиқариш борасида амалга ошираётган ишлари кенг муҳокама қилинди, -  дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Илҳом Тўхтасинов. - Депутатлик гуруҳларининг жойларда қонун ҳужжатларининг ижроси устидан депутатлик назоратини амалга оширишдаги иштирокини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

– Бефарқлик гуноҳ, депутатнинг бефарқлиги, лоқайдлиги эса юз карра гуноҳ. Чунки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қачонки депутат уйғоқ бўлса жамият равнақ топади, – дейди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Муҳиба Бабабекова. – Бугунги семинар депутатлар фаолиятини таҳлил қилиш, илғор тажрибаларни ўртоқлашиш, ўрганиш, депутатлар фаоллигини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Анжуманда депутатлар фаолиятини янада жонлантириш, ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ўрганиш, самарали таҳлил қилишда халқ вакиллари олдида турган вазифалар юзасидан фикр ва мулоҳазалар алмашилди.

Шу билан бирга, депутатларнинг фаолияти, уларнинг ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича нуқтаи назарлари, ташаббус ва таклифларидан аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида партия депутатларини оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликда ишлашининг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Депутатлик гуруҳи аъзолари партия фаоллари ҳар чоракда бир маротаба йиғилиш ўтказиб, ўзаро тажриба алмашишга, бажарилган ишлар ҳисоботи билан таништиришга келишиб олди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоятКенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+