Депутатнинг фаол аралашуви: муаммо ва ечим

10.12.2020 17:12:25

"Адолат" СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан маҳаллий Кенгаш депутатлари фаоллигини кучайтиришга қаратилган семинар ўтказилди. 

-Биз депутатлар одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишда амалий кўмак беришимиз лозим. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қабул қилинган қонун, фармон ва қарорларнинг маъно-мазмунини аҳолига етказиш, адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш  йўлидаги амалий ҳаракатларимиздан аҳолини кенг хабардор қилиш, ушбу жараёнда ҳар бир фуқаронинг дахлдорлик ҳиссини шакллантиришимиз зарур, - дейди онлайн семинарда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Гулнора Ахмедова.

Маълумки, “Адолат” СДП партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 1 нафар, халқ депутатлари вилоят Кенгашига 11 нафар, туман-шаҳар кенгашларига 80 нафар сайланган депутат ўз ваколат вазифаларини баҳолиқудрат бажариб келмоқда.

- Тоҳиржон Азаматов Олмалиқ ихтисослаштирилган прокуратураси прокурори лавозимига,  Умид Шоумаров Олмалиқ шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганидан сўнг, вилоят Кенгашида 9 та депутатлик ўрнини банд қилиб турибмиз, - деди вилоят Кенгаши раиси Б.Мамиров. 

Онлайн-семинарда фаолиятга доир айрим масъулиятсизлик ҳолатлари танқид остига олинди. Хусусан, партия лойиҳалари доирасида ўрганилган маълумотлар асосида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши доимий комиссиясида бирор бир масала муҳокама қилинмади. Шунингдек, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссияларида бор йўғи 6 та масала муҳокама қилиниб, сессия кун тартибига 3 тагина масала киритилди холос.

photo_2020-12-10_16-17-30

-Зиммамизда турган масъулиятни ҳис этиб, фаол ишлашимиз, айниқса, шаҳар-туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда  партия сайловолди  дастурида белгиланган вазифаларни тўлақонли бажариш чораларини кўчайтиришимиз зарур, - деди ўз сўзида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Улуғбек Эрматов. - Фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бўлган оилавий поликлиникалар хизматининг сифати, мактабгача таълим муассасалари, мактаблардаги тиббий хизмат ва таълим бериш сифати, тоза ичимлик суви, дори-дармон, ҳудудлардаги ички йўллар, турли кўринишдаги ижтимоий хизматлар борасида сайловчиларни қийнаётган муаммолар талайгина эканлиги ҳеч биримизни  бефарқ қолдирмаслиги керак. Аҳоли мурожаатларини ўрганишда партиянинг шаҳар, туман Кенгашлари билан ҳамкорликни кенгайтирган ҳолда ишни йўлга қўйиш, хонадонларга кириб бориш,  уларнинг муаммоларини тинглашга ва бартараф этишга кўмаклашиш бизнинг тўғридан-тўғри вазифаларимиздир.

Дарҳақиқат, депутатлар назоратининг таъсирчанлиги ҳар бир муаммонинг ечимида муҳим омил эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Депутатнинг фаол аралашуви билан  кўплаб ижтимоий муамолар ўз ечимини топаётган экан, демак шу механизмни изчил давом эттириш мақсадга мувофиқдир.

Тадбир  якунида  партия томонидан эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан ҳам вазифалар белгиланиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. 

 

 Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+