Депутатнинг хонадонлардаги учрашувлари

06.06.2020 09:06:08

Халқ депутатлари Косонсой туман кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари шу кунларда ўз сайлов округлари ҳудудида карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқдалар. Ўзаро мулоқотларда мамлакатиимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, коронавирус пандемияси таъсирини камайтириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги бошқа янгиликлар ҳақида фикр алмашилмоқда.

Масалан, туман кенгаши депутати Исроил Жўраев куни кеча “2-Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлди. Унга МФЙ раиси Абдуғаффор Исомиддинов, 32-умумтаълим мактаби директори ўринбосари Илҳомжон Усмоналиев, “Қўқимбой” жомеъ масжиди имом-хатиби Хайрулло Абдуллаев ҳамрохлик қилдилар. Хусусан, шу маҳаллада яшовчи Низомжон Тожиев хонадонидаги суҳбатда юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати, унинг марказида халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби ҳолатлар турганлиги қайд этилди.

Шу ўринда  Н. Тожиев яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг муборак Рамазон ҳайити муносабати билан “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига биноан  ўз оиласига бағрига қайтган юртдошларимиздан бири эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим. У бунинг учун давлатимиз раҳбаридан бениҳоя хурсандлигини, бундан кейин ватанимизнинг гуллаб-яшнаши йўлида астойдил меҳнат қилишга аҳд этганлигини изҳор этди.

– Биз одамлар билан учрашганда санитария-гигиена қоидаларига  қатъий риоя қилиш, карантин талабларини бузмаслик ҳаммамизнинг фуқаролик бурчимиз эканлиги ҳақида сўзламоқдамиз, - дейди депутат Исроил Жўраев. – Кейинги кунларда эпидемиологик вазият яхшиланиши асносида бир қатор чекловлар бекор қилинаётганлиги тушунтирилди. Шу билан бирга ҳали хотиржамликка берилишга эрталиги, лоқайдликка умуман йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақидаги мулоҳазаларимизга ҳамма якдиллик билан қўшилганидан хурсандмиз.

Айни пайтда депутат бошчилигидаги гуруҳ аъзолари жойларда томорқа майдонларидан қандай фойдаланилаётганлигини, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича нима ишлар қилинаётганлигини ҳам ўрганди.  Қатор фуқароларга зарур йўл-йўриқ ва маслаҳатлар берилди. Жумладан, “Бешкетмон” маҳалласида ногиронлиги бор шахс -  Ёқубжон Исмоилов   билан суҳбатлашилганда, у ўзи ҳаётда дуч келаётган айрим муаммоларни баён этди. Гуруҳ аъзолари ва мазкур МФЙ раиси Ҳафиза Абдуғаффорова биргаликда уларнинг барчасини батафсил ўрганиб, ҳал этиш юзасидан чоралар кўрилишини, лозим деб топилса, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари номига депутатлик сўрови ҳам тайёрланишини билдирдилар.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+