Депутатнинг саховати маҳалладошларга ўрнак бўлди

07.09.2019 17:09:10

Халқимиз азал-азалдан ўзининг самимийлиги, одамийлиги билан бошқа элат вакилларига ўрнак бўлиб келмоқда. Айниқса, эзгу қадриятлар йўлида кўрсатган минглаб саховатли ишлари таҳсинга лойиқдир. Бугун ота-боболаримиздан қолган бундай хайрли ва амалий ишларни давом эттираётган Ўзбекистон “Адолат” СДП ходимлари ва депутатлари ҳар бир хонадонга кириб, уларнинг муаммолари, дилдаги фикрлари билан ўртоқлашмоқда. Кам таъминланган оила мурожаатлари тегишли ташкилотларга чиқарилган депутатлик сўровлари орқали амалий жиҳатдан ҳал этилмоқда.

Куни кеча партиянинг “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси доирасида Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутати, туман “Автоустоз” корхонаси раҳбари Ҳазрат Мавлонов ҳамкорлигида тумандаги “Алишер Навоий” МФЙ “Ҳовлипоён”, “Додбоғни”, “Маҳалла”, “Юқсин” қишлоғида истиқомат қилувчи беш нафар кам таъминланган оила фарзандларининг суннат тўйлари ташкил этиб берилди. 2012, 2015, 2016 йилларда туғилган болажонлар учун ёзилган тўй дастурхони барчага бирдек завқ бағишлади.

-Депутат ва партия ходимларининг хонадонимизга ташрифи муаммоларимизнинг ечимини ҳал этиб келмоқда. Айниқса, бугун бир эмас, икки нафар ўғлимнинг суннат тўйларини шундай байрамона ва тантанали равишда ташкил этиб берган депутатга раҳмат, - дейди “Алишер Навоий” МФЙ “Ҳавлипоён” қишлоғида истиқомат қилувчи ака-ука Дилшод ва Дониёр Ёлдошевларнинг отаси Камолиддин Жўраев.

Тадбир давомида депутат томонидан эсдалик совғалари топширилди. Биз билан суҳбатда бўлган МФЙ раиси Нурилло Нарзиев бу тўғрида шундай дейди: “Халқимиз меҳмондўст, саховатпеша. Албатта, депутатнинг бу ташаббуси барча маҳалладошларга ўрнак бўлди. Туманимиздаги шинам тўйхонада ташкил этилган суннат тўйи болажонларнинг қувончига қувонч қўшди. Айниқса, турли эртак қаҳрамонларининг ташрифи, берилган бир-биридан ажойиб эсдалик совғалари уларни бениҳоя хурсанд қилди”.

Шофирконликларнинг дилига шодлик ва қувонч улашган ушбу хайрия тадбиридаги завқли куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлади.

Ҳа, саховат беназир қадриятдир, у ота-боболаримиздан қолган энг муқаддас мерос ҳисобланади. Ана шу мероснинг бардавомлиги эса сизу бизга боғлиқ.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+